Интернет технологиялари: ишончлилик, хавфсизлик масалаларини ҳам унутмаслик керак

Шубҳасиз, ХХI аср технология асри. Чунки замонавий технологиялар инсонларга ёрдам бераяпти. Уй юмушларидан тортиб, таълим соҳасида, ҳатто жарроҳлик операцияларида ҳам уларнинг имкониятларидан фойдаланяпмиз.
Интернет орқали ҳар қандай соҳада, илм-фанда, технология, тиббиётда энг сўнгги маълумотларни тезда топиш мумкин. Айниқса, бу янги билимларни ўзлаштиришда жуда асқотяпти. Бунинг учун юртимизда онлайн платформалар кўпайдики, улар ҳукумат даражасида қўллаб-қувватланмоқда.
Жумладан, “Ибрат фарзандлари” таълим платформасидан фойдаланиб, ёшлар кўплаб таълим ресурслари, онлайн курслар ёрдамида чет тилларини бепул, содда ва креатив усулларда ўрганишяпти. Мазкур лойиҳа доирасида 13 та тил бўйича 22 турдаги тизимли ва нолдан бошланган дарслар мажмуаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа барчага тенг равишда, исталган жойда, исталган вақтда беминнат тил ўрганиш имконини бермоқда.
Шунингдек, интернет орқали мақолалар олиш, ўқиш ва илмий-тадқиқотлар қилиш учун ҳам имкониятлар кенгайди. Масалан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси (www.natlib.uz), Ўзбекистон Матбуот ва ахборот Агентлиги (www.uza.uz), Academia.edu, Google Scholar (scholar.google.com), Sahifa.uz, Uzbekistan24.uz каби платформаларда, ижтимоий тармоқларда, блогларда ва турли онлайн журналларда ҳам Ўзбекистондаги ва халқаро миқёсдаги мақолаларни ўқиш мумкин.
Технологиялар масофавий таълимни амалга ошириш имконини беряпти. Бу эса бугун турли ёшдаги ва географик жойлашувдаги одамларга таълим беришнинг муҳим қисмига айланиб, ўқиш, ўқитиш ва ўрганиш усулларини замонавийлаштирмоқда. Ҳозирги кунда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат юридик университети каби олийгоҳлар ўз талабаларига онлайн таълимни таклиф этяпти. Шунингдек, Edu.uz, ZiyoNet, Ilm.uz, Coursera, edX, Udemy, Khan Academy каби платформалар ўқувларни онлайн ташкил қиляпти. Натижада интернет ва технологиялар орқали турли соҳаларда мулоқот ўрнатиш ва маълумот алмашиш осонлашмоқда.
Айнан шу омиллар сабаб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 7 мингдан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактаб ва мактабга таълим муассасалари юқори тезликдаги интернетга уланди. Кейинги икки йилда 12 мингта муассаса тезкор интернетга уланиши режалаштирилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, интернет технологиялар билим олиш, таълим олиш ва кундалик ишларни самарали бажариш учун катта имкониятлар тақдим этади. Аммо ахборотнинг ишончлилиги, хавфсизлик муаммолари каби масалаларни ҳисобга олишимиз ҳам зарур.
Моҳира ЗИЯДУЛЛАЕВА,
Нигора ЎРОЗОВА,
Самарқанд давлат иқтисодиёт ва сервис институти
стажёр ўқитувчилари.