“Интрига кучайди”, “шедевр гол”, “ажойиб сейф” - бу каби ажнабий сўзларнинг ўзбекча муқобили қуриб кетганми?

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани ва бу Конституциямизда белгилаб қўйилганига ўттиз йил бўляпти. Шу даврда унга амал қилиш, ўрганиш, софлигини таъминлаш, бойитиш борасида изчил ишлар олиб бориляпти. Бу борада қонун, қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилган, қарорлар қабул қилинган.

Она тилимиз ғоят гўзал ва ранг-баранг. Мулоқотда, талаффузда, ёзувда унинг имкониятлари жуда бой. Аммо ўзини билимдон қилиб кўрсатишга уринган баъзи кишилар тилимизда муқобили бўлса-да, ажнабий сўзларни қўшиб гапириши ғашга тегади. Бу борада Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Спорт” канали спорт шарҳловчиларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. “Рақибга нисбатан фол ишлатилди”. Бу ҳолатни, нима, “ўйин қоидаси бузилди” деб айтса бўлмайдими? Ёки “голдан кейин интрига кучайди”. Буни “тўп дарвозага киритилгандан кейин ўйин суръати ошди” дейиш мумкин эмасми? “Сиз шедевр голни кўрдингиз”, “дарвозабондан ажойиб сейф”... Товба, шарҳловчи “чиройли голни кўрдингиз”, “дарвозабон моҳирлик кўрсатди ёки моҳирлик билан тўпни қайтарди” деса бўлмайдими?

Тўғри, тиллар ўзга тиллардан кириб келган сўзлар билан бойиб боради. Аммо четдан кириб келган атама, ном, сўзнинг миллий тилда муқобили бўлмаганда таомилга киради ва уни ҳамма тушунади. Она тилимизга ҳурматсизлик айрим шахсларнинг сўзлашув маданиятида ҳам кўрамиз: Русча сўзларни аралаштириб гапириш билан ўзларини зиёли, бошқалардан маданиятлироқ деб билишади.

Ўзбек тили софлигини сақлаш, ундан фахрланиш туйғуси ҳақида гап кетганда, хусусий савдо, умумий овқатланиш, тадбиркорлик субъектларига ном қўйишда маъносига тушунса тушунмаса ажнабий атамаларга маҳлиё бўлинаётганига нима дейсиз?

Самарқанд шаҳрининг марказий кўчаларидан ўтар экансиз, русча, инглизча номланган объектларга кўзингиз тушади. “Биз Ўзбекистонда яшаяпмизми ёки Россия, Англияда яшаяпмизми” деган ўй ўтади хаёлимиздан. Она тилига ҳурмат - миллатга, Ватанга ҳурмат демакдир.

Алишер Навоий бобомиз айтганидек, “тилга эътибор – элга эътибор”. Ўзаро сўзлашганда, минбарларда, давраларда, шарҳларда, ёзувларда фикримизни соф ўзбек тилида ифодалашни ўрганайлик.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.