Ишлаб чиқариш корхоналарида ишчиларга қандай шароитлар яратилган?

Олий Мажлис Сенати раисининг Самарқандга қилган ташрифи Ургут туманидаги корхоналар фаолиятини ўрганиш билан давом этди.

Дастлаб тумандаги "YEC" гилам ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишилди. Корхонада 200 нафарга яқин ишчи-ходим ишлайди.

Ип йигирув цехи, тўқув биноси, иш юритиш офислари, замонавий технологиялар билан жиҳозланган.

Замонавий корхона гиламлари бугун МДҲ давлатлари, Америка ва Саудия Арабистонига экспорт қилиняпти.

Сенат раиси Танзила Норбоева корхонадаги ишчи-ходимлар билан учрашди. Уларга бу ерда яратилган шарт-шароитларни сўради.

- Ургут тумани Сариқтепа маҳалласида истиқомат қиламан, - дейди корхона ишчиси Соҳила Гадоева. - Туманнинг эркин иқтисодий зонасида мана шундай корхона очилгач, бу ерга ишга кирдим. Ҳар куни ишчиларни корхона автоуловида олиб келади, тушлик берилади, маошим уч миллион сўм. Қишлоқ аёлларига яратилган бундай шароитдан мамнунман.

Шундан сўнг тумандаги "IDEAL elektroleus" корхонаси фаолияти билан танишилди. Корхонада газ плитаси, пишириқ печи, чангюткич, кир ювиш машинаси ва музлаткичлар ишлаб чиқарилади. Ушбу корхона маҳсулотлари Америка, Япония, Россия каби давлатларга экспорт қилинади.