Ишончли вакил ҳарбий сайловчилар билан учрашди

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили Рустам Холмуродов Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий сайловчилар билан учрашди.

Учрашувда ишончли вакил номзоднинг сиёсий фаолияти ҳақида гапирди.

- Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига сайлангандан бошлаб биринчи навбатда қўшни давлатлар - Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон билан дўстона ҳамкорлик алоқаларини тиклади, - деди Р.Холмуродов. - Чегаралар очилди. Қўшни давлатлар билан ҳар томонлама савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатилди. Қолаверса, Қуролли Кучларимизда туб ўзгаришлар амалга оширилиб, миллий армиямиз қудрати юксалди.

Шундан сўнг, округ қўшинлари қўмондони, полковник Ойбек Саидов ҳамда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар кейинги йилларда Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси сифатида ҳарбий хизматчиларнинг халқаро армия ўйинларида эришаётган ютуқлари, полигонлар инфратузилмасининг янгилангани, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари қўллаб-қувватланаётганлигига тўхталди.

Учрашув якунида ишончли вакил сайловчи ҳарбийларни Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларни давом эттириш учун Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.