Иштихондаги “Китоблар хиёбони”да бўлганмисиз?
Ҳар лаҳзаси бир йилга тош босадиган кунлар ичида яшаяпмиз. Ҳар тарафда яратиш, янги-янги ғоялар, сўлим манзаралар бўй кўрсатмоқда, ободлик чулғаб олган кўзларимизни, қалбларимизни. Айтишга сўз, юришга йўл кўпайгандан-кўпайган. Қаерга қарасангиз, ранго-ранг ўзгаришлар, юксалишлар ҳушни олиб, кўзни қамаштиради. Бир манзилга икки-уч ойни ўтказиб яна борсангиз, табиийки, йўлингизни шошириб қўясиз, танимай қоласиз атрофни.
Ёзиб, сўзда шарҳлаб улгурмаяпмиз-ку. Шундай эмасми? Сизга ҳам шундай туюлмаяптими, азиз замондошим?! Вақтнинг учқур аравасида кетаётиб, бу ҳислардан бошингиз айланмаяптими?
Кўкламнинг сўнгги кунлари Тошкент-Зармитан автобусида қишлоққа қайтаётиб, ана шу ўйлар хаёлимни банд қилди. Ҳар гал мен йўлга чиққанимда осмон булутланади, ёмғир аллатовур сепалаб ўтади, негадир, ҳар сафар айнан шундай бўлади. Борлиқ тиниқлашиб, бироздан сўнг хушбўй ва салқин нафас ёйилади атрофга. Манзара кўзингда гуллардай очилади, ойна ортида гир-гир рақсга тушади. Хуллас, мен ёмғирли ҳавони, Иштихонни ва Иштихон сафарини жуда яхши кўраман.
Қаердансиз, дейишади баъзан танимаганлар. Иштихонданман, дейман алланечук ғурурга тўлиб-тошиб. Нимага бундайлигини ўзим ҳам билмайман, аммо шуни айтганимда ҳар гал ўзгача шодланаман. Нега тилимда бу қадар гўзал жаранглайди бу жой, айтганда нега қалбим тошиб кетади? Хон сўзи қоришгани учунми, ё бошқа сабаби ҳам бормикан? Отамнинг хоки, онам дуоси шу тупроқдалиги учунми? Отам экиб кетган боғдаги мевалар ҳидидан ифор оладими бу сўз? Мен сирларимни айтган ариқлар соғинчи унга тот берадими? Орзуларимни кентга кузатиб ҳориган йўлларнинг гиналари тилимда бехосдан гуллаб кетадими ё? Э, нима бўлганда ҳам Иштихон деганда тилим ҳам, ўзим ҳам яйрайман. Одамларининг меҳридан бағрим мисоли мумдай эрийди, эркаланиб, ҳаддимни қўйиб сўз айта оламан уларга. Ўзимники дея боғу-роғларига, Оқдарё Қорадарёсига кўз юбора оламан. Намхуш хаёлларимни Оқтовнинг виқорига ёйиб-ёйиб қуритаман. Чилмаҳрам пирларимга назр-ниёз бериб, юрагимга қараб очилувчи йўлларни эмраниб сўрай оламан бу ерда.
Иштихон сафарим бу гал узоқроқ, қарийб қирқ кунлар давом этди-ёв. Иссиқ кунларда онамнинг бағрида ўтириб салқинладим. Иштихон маркази билан Бешбола қишлоғимиз ораси олисроқ, қарийб ўттиз уч километрча келади. Ишим чиқса марказга қатнадим, бўлмаганида онамнинг ёнида бўлдим, қариндошларда галма-гал, уйма-уй меҳмонда юрдим. Марказда эканимда эса вақтимни асосан кутубхоналарда ўтказдим. 2022 йилгача туманимизда биронта ҳам кутубхона дегулик маскан йўқ эди. Фазлиддин Рўзиев айнан ўша йили ҳоким бўлиб келди. Келибоқ, маҳобатли кутубхона қуришдан бошлади ўз фаолиятини.
Айни дамда ушбу кутубхонани Иштихоннинг юзи-кўзи деса бўлади, бирам чиройли, осуда, мароқли макон. Директор Улуғбек Нурмуҳамедов бошчилигидаги ходимларнинг ҳаммаси олижаноб, олийҳиммат кишилар бўлгани учун юрагим нуқул шу ерга тортаверади. Китобдан аввал мен Улуғбекни, унинг табассум билан “Опа, келинг”, дейишини соғинаман, Дилафрўз, Дурдона, Акмал, Санжар, Маҳлиёни соғинаман. Тобора ортиб бораётган 10778 нафар китобхонлар саноғини соғинаман.
Йил аввалида туманда яна бир кутубхона иш бошлаганини эшитган эдим. Икки кутубхона ораси унчалик олис эмас, борса 500 метр келаркан, бориб танишгим келди. Туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи, тадбиркор Асомиддин Ибрагимов ўзининг маблағи асосида қурибди. Эшитиб ҳайратим ортди. Уч гектарли “Устозлар хиёбони” га кириб бораркан, гўё эртакдаги жаннатни, Боғи Эрамни кўчириб келишмаганми бу ерга, дея ҳайратланасиз. Ҳар юз метрда муҳташам чинорлар тепасига қўйилган карнайдан мумтоз мусиқа садолари майин таралиб, сув каби пастга оқиб турибди.
Тартибли экилган чинорлар, ҳар ўн одимда қулай, нақшивор ўриндиқлар, ям-яшил товланган майсалару турфа хил чечаклар, ора-орада отилиб турган фавворали ҳовузлар салқинида юриб-юриб, энг тўрда, кенггина саҳндаги каттагина ойнаванд кутубхонага кириб бордим. Номи “Очиқ осмон остидаги кутубхона” экан. Ўртада талай китоб жавони, ичи лиқ-лиқ китоб, гир айланасига ўн чоғлик компьютер ўрнатилган, қулайроқ ўтириш учун диван кресло, ёнламасига музлатгич, совутгичлар ва ниҳоят, ўртароққа шахмат-шашка тахтаси қўндирилган. Бу ерда кутубхоначи қиз билан анчагача суҳбатлашиб ўтирдик. Газетага ёзмоқчилигимни айтдим. У чаққонгина кофе дамлаб келди, билганича саволларимни жавоблади. Айтишича, бу ерга асосан, ён атрофдаги мактаб, коллеж, лицей, ўқув марказларининг талаба ва абитуриентлари келишар, тил ўрганишга оид қўлланмаларни, миф ва афсоналарни, Ўткир Ҳошимов асарларини, айниқса, “Қобуснома” китобини кўп сўрашар экан.
Шу асно, ёнимиздаги столга узаниб, йирик ва оғир “Қобуснома” китобини қўлимга олганча варақлай бошладим. Ва ажабландим. Ушбу ноёб китоб республика Бош прокурори биринчи ўринбосари, Иштихон фарзанди Баҳриддин Валиев томонидан унинг алоҳида мақсад, ёндашув, сўзбошиси билан беш юз тиражда нашр қилинибди. Иловада аудиоформати ҳам бор. Ҳафтада бир марта шу китобдан прокуратура органларига дарс ўтилар экан. Эшитиб қойил қолдим. Мурувват, футувват, балоғат сабоқлари, отанинг фарзандига панду насиҳатлари берилган бу китобни мен ҳам яхши кўриб мутолаа қиламан. Манави шахмат-шашка доскаси билан бир қисм китобларни ҳам Баҳриддин Валиевнинг ўзи келиб бериб кетибди. Бу ердаги қолган ҳамма харажат Асомиддин Ибрагимовнинг маблағидан қопланибди. Ул-булларни сўраш учун чақирган эдим, бир маҳал кутубхона эгаси Асомиддин Ибрагимовнинг ўзи ҳам келиб қолди. Қотмагина, қорашириндан келган, тавозели инсон экан, эл устида, юрт корида, халқ ғамида юргани унинг ҳар бир боқиши, ҳаракати, юз-кўзида балқиб кўриниб турар эди.
- 2022 йилда биз туман ҳокими бошчилигида бир, гуруҳ ходимлар ўн бир кун Хитойга иш-тажриба ўрганиш учун бордик. Аввало, уларнинг китоб ўқишига жуда ҳавасим келди. Кўчалар бирам тартибли ва озода, ҳар эллик метрда темирдан китоб жавонлари қўйилган. Ёнидаги ўриндиқда ўтириб одамлар китоб ўқишяпти. Ўқиб бўлиб, яна жавонга тахлаб қўйиб кетяпти. Юрагим орзиқиб, айнан шу манзарани Иштихонга кўчириб олиб келгим келди. Тадбиркорлик билан шуғулланаман, маблағ ўзимдан чиқди, Америкадан укаларим ёрдам беришди, хуллас, бир йилда шу кутубхонани қуриб, мана, керагича жиҳозлаб олдик. Яқинда Хитойга ўнта китоб жавони учун буюртма бердим. Ўнта жавонга ҳисоблаб кўрсам, олти мингта китоб кетар экан. Мана шу кутубхонамизда ҳам олти минг нусхага яқин китоблар бор. Мақсадимиз - одамлар китоб ўқишсин. Ота-онамиз маърифатли кишилар эди, уларни Аллоҳ раҳматига олсин. Оиламизда саккиз фарзанд китоб ўқиб катта бўлганмиз. Эсингизда бўлса, мана шу музей (ёндош тарафни қўли билан кўрсатади)нинг ертўласи болалар кутубхонаси эди бир вақтлар, бизлар ўша ердан деярли чиқмаганмиз. Сен болангга китоб ўқишни ўргатсанг, қолганини китобнинг ўзи ўргатар экан. Хиёбонни бундан кейин “Китоблар хиёбони” дея номини алмаштиришни ўйлаяпман. Энди шу йўлда озми-кўпми, барча ота-оналар, устозлар, ҳаммамиз биргаликда меҳнат қилишимиз керак. Шукр, бу тарафдан ёлғиз эмасман, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев иккимиз туманнинг мавқеини, ҳаёт шароитларини яхшилаш учун қаттиқ бел боғлаганмиз. Шахмат-шашка ўйнайдиган алоҳида марказ очишни ҳам режа қиляпмиз. Бунинг учун, ҳув ана, баскетбол майдони ёнидан жой белгиладик. Энди яқин кунларда шу мақсадимизни биргаликда амалга оширамиз. Мен, Баҳриддин Валиев, яна Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров - учовимиз 8-мактабда турли йилларда таҳсил олганмиз. Мактабдош дўстлар ўтириб, бир куни маслаҳат қилдик, мактабимизни тумандаги энг илғор мактаб бўлишини истадик. Ўтган йили бир ярим сотих ерда ўзимиз гидропоника усулида олти қаватли ойнаванд иссиқхона қуриб бердик.
Биология дарсида ўқувчилар бу ерда энди амалиёт ўташи, ҳар хил мевали экинларни ўзлари парваришлаши мумкин. Зоология дарси учун эса “Табиат олами бурчаги”ни совға қилдик, уни икки юзга яқин турли-туман қушлар билан тўлдирдик. Бу ерда ҳам энди ўқувчилар кўпроқ банд бўлишади, олам ва табиат билан бир бутунлик ҳис қилишади, уларда жонзотларга меҳр-мурувват, шафқат ҳисси уйғонади.
Мана шу хиёбон ва туман истироҳат боғидаги азим дарахтлар бир вақтлар туман ҳокими бўлган Мурод Жўраев ташаббуси билан экилган. Салқин ҳудудлар, хиёбонлар фақат Иштихонда бор, десам хато қилмайман, бошқа туманлардан бундай кўнгилочар масканларни тополмайсиз. Бу ерга ҳатто қўшни туманлардан дам олиш учун келишади.
Хиёбонни обод қилишни 2014 йилда бошлаганмиз. Илгари бу ер қаровсиз, файзсиз жой эди, эгасиз ҳовлига ўхшаб ўт-ўлан ўсиб ётарди. Туман ободонлаштириш бўлимига ишга келганимнинг илк кунларидан хиёбонни боғу-бўстон қилишга киришганмиз. Дастлаб, ишни ўнта қудуқ қазишдан бошладик. Мана шу ҳолатга олиб келгунча икки йил роса тер тўкиб меҳнат қилганмиз, мана, натижасини кўриб турибсиз. Хиёбонда айни кунда 550 киши хизмат қилади: тозалайди, ўт ўради, сув чиқаради, гулларга қарайди. Айниқса, кечқурун жуда чароғон ва гавжум бўлиб кетади. Инсонлар оилавий келиб ҳордиқ ёзишади. Таниганлари раҳмат, эшонбобо, дейишади.
Иссиқ забтига олган кунларнинг бирида, ниҳоят, Иштихон сафарим қариб, Тошкентга йўлга чиқдим. Эрталаб ҳавода кулранг булутлар бор эди, аммо дарҳол тарқалиб кетди. Бу гал ёмғир ёғмади. Мўлжаллаган ишларимнинг баъзилари битмай ҳам қолди. Аммо фараҳ тўла кўнгил билан қайтдим. Юрт севгиси, одамлар меҳри, китоблар зиёсига тўйиниб қайтдим. Ҳар сафар билмайман недан, нелардандир кўнглим тўлмай, гинадор қайтардим, бу сафар миннатдор қайтдим. Иштихоннинг янада порлаган эртаги кунларидан умидвор қайтдим.
Асомиддин Ибрагимов билан суҳбатда ундан “Сизга ўхшаган эл ўғлонлари кўпми”, дея сўрадим. “Кўп”, деди у, “ Улар ўзини кўрсатавермайди, кимгадир уй қуриб, кимгадир қорамол олиб беради. Суннат тўйларини ўтказади. Дори-дармонига қарашади. Ўзининг маҳалласига масжид қураётганлар бор...” . Тасаввуфда “Инсон ялтирамасдан, порлаши керак”, дейилади. Чунки ялтираш ўзга нурнинг таъсирида пайдо бўлар экан. Порлаш учун ичкарида асос лозим. Асос, бу - севги. Ўзига, халқига, юртига, Роббисига севги. Шу тобда баҳравор туйғулар тошиб келди ичимдан. Порлаб яшаётган инсонларни алқагим, элу-юрт ғамида донми, сомонми бўлаётгани учун уларга меҳрли сўзлар айтгим келди. Бир-бирига елкадош шундай олтин ўғлонлар, жавоҳир фарзандлари борлиги учун Иштихонни баралла мақтагим келди.
Муҳаббат Тўхташева,
шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.