Иштихондаги “Оққўрғон тажрибаси” вилоятга намуна бўлади

Хонадонбай ўрганиш асосида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, аҳоли билан мулоқотнинг янгича тизимини йўлга қўйиш бўйича Тошкент вилояти Оққўрғон туманида жорий қилинган тажриба айни пайтда Иштихон туманида қўлланилмоқда.

Туман маҳаллаларида ўтказилган хатлов асосида аниқланган муаммолар республика ишчи гуруҳи бошчилигида мутасадди ташкилотлар томонидан ҳал этилмоқда.

– Шу пайтгача республика вазирлик ва идораларидан бошлаб, вилоят, туман даражасидаги ташкилотлар масъуллари иштирокида жойларда сайёр қабуллар ўтказилиб, одамларни қийнаб келаётган масалаларга тезкор ечим топиларди, – дейди вилоят халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев. – “Оққўрғон тажрибаси”да эса ҳар бир маҳалла, хонадон миқёсида ўрганишлар олиб борилиб, муаммоларга ечим топилмоқда. Ҳозирда бу тизим бутун республикамизда, жумладан, вилоятимизда Иштихонда қўлланилмоқда. Бундан бир ой олдин тумандаги маҳаллаларда хонадонбай аҳоли муаммолари, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш бошланганди. Шунингдек, ижтимоий соҳа объектларининг ҳолатига эътибор қаратилди. Ҳозиргача мавжуд 62 маҳалладаги 44 минг 400 дан ортиқ хонадон, 443 та ижтимоий соҳа ва бошқа объектларда ўрганиш олиб борилди. Шу асосида айни пайтда аниқланган муаммолар ҳал этилмоқда.

Хусусан, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш мақсадида 85,8 километр ички йўлларга шағал тўшалди. 63 минг 470 дона газ баллонлар алмаштирилди, 381 та янги газ баллон етказиб берилди. Иккита марказий сув узатиш станцияси таъмирланди, 7 километр сув тармоғи тортилди, яна 8,5 километрлик тармоқ тортиш ишлари давом этмоқда. Тўпор, Намуна, Қайирма, Йўғонтепа, Миришкор, Зарбанд, Азамат, Ғафур Ғуло маҳаллаларида янги сув иншоотлари қурилмоқда. Бу ишлар натижасида 3 минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади. 1250 нафар аҳоли илк бор марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланади. 

29 километр масофада янги оптик толали алоқа тармоғи тортилиб, 4,5 километр қисми таъмирланди, 445 та аҳоли хонадони тезкор интернет тармоғига уланди.

– Маҳаллалардаги хатлов давомида туман бўйича 8 мингдан ортиқ янги бетон таянч устун, 130 та трансформатор ўрнатиш зарурлиги аниқланди, – дейди Иштихон тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Умар Жўраев. – Республика ва вилоят кўмагида айни пайтда 17 маҳаллада иш олиб боряпмиз. Бир ҳафта ичида 16 та трансформатор, 400 дан ортиқ бетон таянч устун ўрнатилди. 29 та трансформатор пункти таъмирланди, 13,2 километр янги электр кабели тортилди. Мисол учун, Чақар маҳалласи Хўжамурод қишлоғида 160 киловатли янги трансформатор ўрнатилиб, 30 дан ортиқ қўлбола симёғочлар темирбетон таянч устунларга алмаштирилди. Баҳрин, Сафохўжа, Чинортепа, Сўғот маҳаллаларида ҳам қўшимча янги трансформаторлар ўрнатилиб, аҳолининг электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди.

Туманда ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топиш жараёнида аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Янги тизимнинг туб мазмун-моҳияти инсонга эътибор, унинг қадрини улуғлашга қаратилган, – дейди Иштихон тумани ҳокими Фазлиддин Рўзиев. – Шунинг учун биринчи навбатда халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш, уларнинг муаммоларига тезкор ечим топишга ҳаракат қиляпмиз. Маҳаллаларда олиб борилган ўрганишлар давомида турар жой шароити яхши бўлмаган 250 дан ортиқ оила аниқланди. Уларга қурилиш материаллари олиб бериш учун вилоят ҳокимлиги томонидан 600 миллион сўм маблағ ажратилди, ўзимиз ҳам ички имкониятларимиздан фойдаланиб, керакли маблағ тўпладик. Шу пайтгача 257 та хонадонга уй-жойини таъмирлаш учун қурилиш материаллари етказиб берилди. Ўта оғир шароитдаги 20 та оила учун ҳомийлик асосида уй қурилмоқда. Ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган 20 та хонадонга қуёш панели ўрнатилди. Ўнга яқин мактабларимизда ҳам шундай қуёш панеллари ўрнатилиб, уларнинг электр таъминоти билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Бундан ташқари, қисқа вақт ичида 720 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Жумладан, 253 киши доимий ишга жойлаштирилди, 249 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди, 218 нафари ўзини ўзи банд қилиш тизими бўйича давлат рўйхатидан ўтказилди. Тадбиркорлик мақсадлари учун 5,40 гектар ер майдони “e-auksion” дастури орқали савдога чиқарилди. 75 нафар фуқаронинг ер олиб, деҳқончилик қилиш истаги бўйича 436 гектар бўш ер майдони ҳам “e-auksion”га қўйилди. 77 нафар ишсиз фуқарога 412 миллион сўмлик асбоб-ускуналар тарқатилиб, уларнинг даромад топишларига имконият яратилди. 233 нафар фуқарога 6,2 миллиард сўм имтиёзли кредит, 264 нафар талабага 2,3 миллиард сўм таълим кредити ажратилди. “Ёшлар дафтари”да бўлган 347 нафар йигит-қизга 511 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Айни кунларда туман марказий поликлиникаси ва оилавий шифокорлик пунктларида республика ва вилоятдаги ихтисослашган тиббий марказлар мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилмоқда. Шу пайтга қадар 8754 нафар фуқаронинг саломатлиги назоратдан ўтказилиб, 291 нафари туман марказий шифохонасига ётқизилди, 39 нафар беморга вилоят ва республика муассасаларида бепул даволаниш учун йўлланма берилди. 54 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг саломатлигини тиклаш учун жарроҳлик амалиётларига вилоят бюджетидан 850 миллион сўм маблағ ажратилди. Туман марказий шифохонасида республика ва вилоятдан келган юқори малакали врачлар томонидан мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.

Шунингдек, 32 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 7 нафарига электрон ногиронлик араваси, 6 нафарига эшитиш мосламаси, 9 нафарига қўлтиқтаёқ, 7 нафарига овозли термометр ва 3 нафарига электрон танометр топширилди. Ўз хонадонида якка тартибда таълим олаётган 182 нафар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 63 нафар етим ўқувчиларга ўқув қуроллари етказиб берилди.

– Туманимизда бўлаётган ўзгаришларни кўриб, бу йил бекорга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланмаганини ҳис қиляпмиз, – дейди Чақар маҳалласида яшовчи Шодиёр Бўтаев. – Бир ҳафта-ўн кундан буён ҳар бир маҳаллада, қишлоқда ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари бўляпти. Ўзимизнинг қишлоқни олайлик, ўтган асрда қурилган симёғочлар алмаштириляпти, қарийб икки километр йўлни таъмирлаш бошланди. Бир километрдан ортиқ қисми асфальт бўлар экан. Кеча янги трансформатор ўрнатишди. Бизни қийнаб келаётган шу икки масала бор эди, мана булар ҳам ҳал этилмоқда. Халқимиз, бу эътибордан хурсанд албатта.

Масъулларнинг айтишича, бундан кейин вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида Иштихон намунаси бўйича янгича тизимда иш олиб борилади.

Ғолиб ҲАСАНОВ,

Алишер ИСРОИЛОВ (сурат)