Исломшунос олимлар ҳаттотлик санъатини ривожлантириш тарафдори
Пайариқ туманидаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Ўзбекистондаги қўлёзма фондлари: муҳофаза қилиш, каталоглаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш” мавзусида илмий-амалий ва ўқув семинари бўлиб ўтди.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS) қошидаги Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) ҳамкорлигида ўтказилган тадбир доирасида “Халқаро ислом ҳаттотлиги кўргазмаси” ҳам ташкил этилди. Семинар иштирокчилари даставвал марказдаги музей ва тарихий қўлёзмалар фонди ҳамда ҳаттотлар томонидан яратилган кўргазмалар билан танишди. Имом Бухорий ҳазратларининг қўлёзма асарлари ва уларнинг нусхаларини хорижлик меҳмонлар катта қизиқиш билан томоша қилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан юртдошларимиз ва қўшни давлатлардан меҳмонлар келиб, илмий марказ ва ҳадис илми мактабида яратилган шарт-шароит ва имкониятлар, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишаётгани ҳақида гапирди. Шунингдек, марказнинг қўлёзмалар фондида сақланаётган асарларни ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
– Икки йил ичида бу муассасанинг шунчалик обод бўлиб кетишини кутмагандим, – деди IRCICA ташкилоти бош директори Холит Эрин. – Бу, албатта, Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар самараси. Бу эса барчамизни қувонтирмоқда. Бугунги тадбир ҳам айнан муборак динимиз ҳақидаги тарихий китоблар ва қўлёзмаларнинг тўғри сақланишига қаратилган. Қолаверса, кейинги пайтларда буюк ҳаттотларнинг сони камайиб кетаётгани кўпчиликни ташвишга соляпти. Шу боис ҳаттотлик санъатини ривожлантириш учун ҳаттотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни, улар билан халқаро ҳамкорликларни йўлга қўйишни режалаштирдик. Шу билан бирга барча ҳаттотлар ўртасида мусобақалар ташкил қилишни йўлга қўймоқчимиз.
Семинарда келгуси йилда Имом Бухорий таваллудининг 1250 йиллигини ўтказиб, унга дунёнинг энг машҳур олимлари ва ҳаттотларини таклиф қилиш ҳақида сўз борди.
– Бутун оламга тарқаб кетган қўлёзма китобларимизнинг нусхалари бугун ўзимизга қайтиб келмоқда, – дейди Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳаттоти Ҳабибулло Солиев. – Бир неча аср олдинги китоблардаги аждодларимизнинг қўлёзма меҳнатларини кўриб ҳайрон қоляпмиз. Уларнинг меҳнати ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Шунча йилдан буён устоз-шогирд анъаналари давом этиб, биз ҳам шундай ҳунар эгаси бўлишимиз, албатта, фахрланарли ҳол. Бу соҳани кенгайтиришга, ривожлантиришга қаратилган бугунги семинар касбимга нисбатан муҳаббатимни янада оширди.
Тадбир ташкилотчилари эсдалик тариқасида бир-бирларига муқаддас ва тарихий китоблар ҳамда исломий суратлар акс этган фотоальбомлар топширди.
А.Пўлатов.