Истамбул – сирлар шаҳри
Ислом маркази, Мавлавия тариқати ва дарвешлар пойтахти, фан ва маданият ўчоғи Кўниядан сирлар шаҳри Истамбулга келдик. Истамбулда ҳам табаррук зотлар қабрини, тарихий маконларни зиёрат қилдик.
Бугунги суҳбатимиз қадим шаҳар Истамбул ҳақида бўлади.
Ўзбекистон туркларнинг Ота юрти
* Нега Туркистон бизнинг диёр, аммо бошқа бир давлат Туркия деб аталади?
* Нега турклар Ўзбекистонни Ота юрт дейди?
* Нега турклар ўзларини Усмонли турклар дейишади?
Туркияга сафар қилар эканман, менда шу ва шунга ўхшаш минглаб саволлар бор эди. Сафар давомида ана шу саволларга жавоб изладим.
Собиқ шўро замонида капиталистик давлатларга боришни ўйлашнинг ўзи даҳшат эди. Бу ҳақда гапириб ҳам бўлмасди. Чет элга бордим деб кериладиган мансабдор одамларнинг социалистик лагердаги Болгария, Руминия, Чехословакия, Польша, ГДР каби давлатларга бориб-келиши ҳам катта гап эди. Капиталистик лагердаги Туркияга бориш у ёқда турсин, у ҳақда юрак ютиб гапириш ҳам хатарли эди…
Истиқлол туфайли қанча юртдошларимиз АҚШ ва Япониядан тортиб, Жанубий Кореягача, Англия, Франциядан тортиб Осиё ҳамда араб давлатларигача эмин-эркин бориб келмоқдалар. Туркияга эса ҳар ҳафта бориб келадиганлар, дам олиб келаётганларнинг ҳисоби йўқ.
Юрт эгаларининг Мустақилликдан кейин Туркияга тез-тез сафар қилиши, Туркия давлат ва ҳукумат раҳбарларининг юртимизга қилган ташрифлари икки мамлакат ўртасидаги қадимий ришталарни тиклади, икки туркий элни янада жипслаштирди. Айниқса, Эрдўған ва Мирзиёев жанобларининг ака-укадек самимий муносабатлари икки халқнинг бир-бирига меҳрини зиёда қилди.
Энди саволларга жавоб ахтарсак
Жануб томон XI асрда силжий бошлаган Ўрта Осиёда яшаётган туркларнинг бир шохобчаси Салжуқ бошчилигида Форсда жойлашиб қолиб, 1055 йилда Бағдодни босиб олди. Иккинчи шохобчаси – ғурийлар Қобулни эгаллаб, у ерда ўз ҳокимиятини ташкил этдилар. Бошқа бир кичик шохобча Форс ва Ироқ орқали ўтиб, мўғуллар истилоси даврида Фурот дарёсининг юқори қисми соҳилларида маълум вақтгача қарор топдилар.
Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшовчи ўғуз туркларининг Қай (қайиғ) уруғига мансуб қавм Эртўғрул бошчилигида Xlll асрнинг йигирманчи йиллари - мўғуллар истилоси даврида Кичик Осиёга бориб, салжуқийларнинг Кўния султонлиги ҳудудида мустақил беклик ташкил қилишган. Эртўғрул беклик бошқарувини 1281 йилда ўғли Усмон Ғозийга топширган. Бу беклик 1299 йилда ўзини мустақил давлат деб эълон қилган. Кейинчалик бу давлат Усмонли турк султонлиги номи билан дунёга танилиб, ўрта асрларда жаҳондаги энг қудратли давлатга айланган. Усмонли турклар бу даврда бу ёғи Маккаю Мадинадан нарёғи Австриягача ҳукмронлик қилган. Бугунги кунда Эрон, Ироқ деб аталган ерлар, Қрим-у Молдавиялар, Польша-ю Чехияларнинг ҳаммаси, Азов денгизи, Қора денгиз, Мармар денгизи, Қизил денгиз, ҳатто Волга соҳилларигача уларнинг мулки бўлган.
Сулола вакиллари ўзларини аввал бек (бей), сўнгра Мурод I дан бошлаб султон деб атаганлар, кейинчалик (Салимдан бошлаб) энг юқори диний унвон - халифа унвонини ҳам ўзларига қўшиб олганлар.
Усмон Ғозий (1290-1326 йиллар) усмонийлар давлатининг асосчиси ҳисобланиб, унинг номини турклар ҳозир ҳам ҳурмат билан тилга оладилар.
Нега Истамбул?
Бу шаҳар жуда қадимий бўлиб, минг йиллар давомида Рим ва Византия империясининг пойтахти ҳисобланган. Ҳукмдор Константин шарафига асрлар давомида Константинополь номи билан юритилган шаҳар насронийлик динининг ҳам маркази ҳисобланган. Бу шаҳарда энг йирик Авлиё София (Аё София) собори фаолият юритган. Фотиҳ Муҳаммад 1453 йилда шаҳарни забт этгач, насоролар маркази ислом маркази бўлишини ният қилиб, унга Исломбўл деган ном берган ва бу ном асрлар оша Истамбулга айланиб кетган.
Истамбулни Қора денгиз ва Мармар денгизлари ўраб туради. Улкан шаҳар ўртасида Босфор бўғози ўзгача манзара касб этади. Теварак-атрофи сув билан қопланган шаҳар дунёнинг ҳеч бир ҳудудида учрамайдиган бетакрор иқлимга эга. Баъзан бир кунда тўрт фаслни кўриш мумкин бу ажиб масканда.
Бўғознинг икки соҳили узра бунёд этилган бинолар тепага зинама-зина шаклида бўлиб кетган. Истамбул дунёда иморатлари энг зич жойлашган шаҳарлардан бири.
Меъморий обидалар ва замонавий иншоотлар, кўркам бинолар билан уйғунлашиб кетган. Босфор бўғози шаҳарни иккига – Осиё ва Европа қисмига ажратган. Европа қисми Олтин Шох қўлтиғи соҳилларида жойлашган.
1970-72 йилларда Босфор бўғози устида қурилган кўприк иккига бўлиниб қолган шаҳарни боғласа, Истамбулнинг ўзи Осиё ва Европани боғловчи олтин кўприк ҳисобланади. Унда 15 миллиондан зиёд аҳоли яшайди. Бунга қўшимча равишда ҳар йили икки миллион атрофида сайёҳлар ташриф буюришади. Истамбулнинг Тақсим мавзеси “Сайёҳлар шаҳарчаси” ҳисобланади.
Туркияда туризм жуда ривожланган. Ушбу соҳадан олинган даромад 32,4 миллиард доллардан ортиқ. Маълумотларга кўра, 2023 йилга бориб бу мамлакатга келадиган хорижлик сайёҳлар сони 50 миллион кишига етказилар экан.
Фусункор шаҳар Истамбулга икки қитъа жо бўлганига яраша унда Осиё жилоларини ҳам, Европа жозибасини ҳам яққол ҳис этасиз. Масжидлардан янграган азондан қалбингизга нур ёпирилиб кирса, унинг ортидан замонавий оҳанглар қулоқларни қоматга келтиради…
Фаришта ва шайтон гўё қўлни қўлга бергандек тор кўчаларда чимматга ўралган аёллар билан ёнма-ён ярим яланғоч ожизалар сигарет тутатганча бепарво кетаверишидан ёқа ушлайсиз…
Истамбул дурдоналари
Истамбул ўтмишда Рим, Византия ва Усмонийлар каби уч буюк салтанат пойтахти бўлганидан бу шаҳардаги Византия осори-атиқалари, Усмонийларнинг ажиб обидалари кишини ҳайратга солади. Мўъжизакор тарихий обидаларни кузатар экансиз, Антик даврда юз минг одамни бағрига сиғдирган ипподром майдони эътиборингизни тортади. Майдон ўртасига Мисрдан келтирилган уч ярим минг йиллик тош устун ўрнатилган. Эҳромларга тенгдош обида ёнида Усмонийлар меъморчилиги дурдонаси Султон Аҳмад (Мовий жоме) масжиди қад ростлаган.
Мезаналари кўкка бўй чўзган улкан масжид қаршисида савлат тўкиб турган Аё София зиёратгоҳи сайёҳларни мафтун этади. Бир ярим минг йил аввал черков бўлган, кейин масжид бўлган бу муҳташам бинони Мустафо Камол Пошшо музейга айлантирган эди, бутун дунё ғайридинларининг айюҳанносларига қарамай, Эрдўған жаноблари уни яна масжидга айлантирди. Бугун бу ерда беш вақт намоз ўқилмоқда.
Муқаддас қадамжолардан бири – Айюб ал-Ансорий мақбарасидир. Бу ал-Ансорий 678 йили шаҳар остонасида шаҳид бўлган. 1453 йили шаҳар Фотиҳ Маҳмуд томонидан эгаллангач, саҳоба хоки ётган масканда мақбара ва масжид бино қилинган.
Сулаймония масжиди яна бир муҳташам обида. 1550-1557 йилларда Султон Сулаймон буйруғи билан қурилган. Масжиднинг 53 метрли нилий гумбази бир неча чақиримдан кўринади. Хонақоҳнинг 136 та деразасидан тушаётган қуёш нурларида камалак жилва этади.
Ана шу ерда “Муҳташам юз йил” фильми орқали томошабинлар севиб қолган Султон Сулаймон ва Хуррам Султонларнинг қабрларини ҳам зиёрат қилиш мумкин.
"Гранд базар"
Истамбулда сайёҳларни ўзига энг кўп жалб этадиган жой Қапали Чарши ("Гранд базар") бўлса керак. Бу ерда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Аммо энг кўп нарса тилла. Бу ерда тилла буюмларни “пақирлаб” сотишади. Турк заргарларининг ишлари жуда гўзал ва бетакрор. Энг муҳими, тилла буюмларнинг нархи “камбағалбоп”. Шунингдек, бу ерда кумуш тақинчоқлар ҳам кўп сотилади. Айтганча, тилла тангалар кўринишида ҳам, қуймалар кўринишида ҳам сотилади.
Туркияда қизиқ қоидалар бор. Бу корхоналар жуда кўплиги ва рақобат катталиги билан боғлиқ бўлса керак, ёзги кийим-кечаклар куз ва қиш ойларида асл нархидан ўн бараваргача арзонлаб бораверади. Қишлик нарсалар эса ёзда арзон гаровга сотилади. Қишда 300 доллар турган пальтони ёзда 100 ёки 70 лирага (10 долларга) олиш мумкин. Дўконларда 25 фоиздан 75 фоизгача “индирим” (арзонлаштирамиз) деган ёзувларга кўзингиз тушади.
Дўконлар ва катта фирмаларнинг савдо марказларида ундан ҳам қизиқ қоидалар бор: “Иккита нарса олсангиз, учинчиси бепул!” Ундан ҳам қизиғи: “Нима олсангиз 20 лира”. Яна бир қизиқ ҳол: уй-рўзғор буюмларини биттадан ортиқ олсангиз, албатта, бирор буюмни қўшиб беришади. Масалан, битта қозон олсангиз, албатта, битта дазмол қўшиб беришади.
Истамбул дўконларида кирган бирор харидор эътиборсиз қолдирилмайди. “Буюринг” деб сизни қарши олган хизматчилар “Сизга ёрдам беришдан хурсандмиз”, дейишади ва нарса танлашингизда қарашиб юборишади.
Сизга манзур бўлган бирор кийим салгина кичик ё катта келса ёки бирор безаги сиз истаган жойда турмаган бўлса, сизга бир финжон қаҳва ёки турк чойини таклиф қилишади. Ичиб бўлгунингизча, ҳалиги кийимнинг сиз истаган ўлчамдагиси ёки безаклисини етказиб келишади.
Байроқни муқаддас билганлар
Истамбулга денгиз орқали борсангиз ҳам, осмон орқали борсангиз ҳам иккита нарса яққол кўзга ташланади. Булар шаҳардаги юзлаб муҳташам масжидларнинг осмонўпар миноралари ва жуда ҳам улкан байроқлар. Турклар жуда ватанпарвар ва ўта байроқпараст халқ. Ҳар бир хонадонда турли маросимларга аталган катта-кичик ўлчамдаги бир қанча байроқлар бор. Миллат байрами кунларида ҳукумат кўчаларни байроқларга тўлдирса, оддий турк фуқаролари уйларининг чор атрофини, айвонлари ва томларини Туркия байроқлари билан яшнатишади.
Мен турк ўғлонлари ҳарбий хизматга келтирилишининг гувоҳи бўлдим. Аскар болаларнинг оналари қўлларида байроқлар билан ўғлини хизмат жойигача кузатиб қўяр экан. Дўстлари довул ва ноғоралар, сурнайлар чалиб, қуроллардан ўқ узиб, буни катта байрам қилишар экан. Турклар учун ҳарбий хизматга бориш шон-шараф иши экан.
Истамбулнинг гавҳари
Тўпқапи саройи – Истамбулнинг дуру гавҳари!
Қапи – эшик дегани. Саройнинг эшикларидан бири олдида султон кирган-чиққанида денгизга қараб отилган тўплар турганидан шу эшикни Тўпқапи дейишган. Замонлар ўтиб, бутун бошли султон саройи ҳам Тўпқапи номини олган. Тўпқапи саройи Султон Аҳмад ва Аё София масжидлари билан деярли ёнма-ён жойлашган.
ХIХ асрга қадар Тўпқапи Усмоний ҳукмдорларининг асосий қароргоҳи бўлган. Султон девонхонаси, кутубхонаси, хобхонаси ва ҳарамидан иборат мажмуа 700 минг метр квадрат ҳудудни банд этган. Асрлар давомида сайқалланган меъморий обида баланд девор билан иҳоталанган. Мазкур саройда тўрт аср давомида йигирма беш нафар султон умргузаронлик қилган.
Тарихий обидаларни вайрон қилишни ор билган, қолаверса, бошқа дин вакилларини ҳам камситмаган туркларнинг бағрикенглик сиёсати шарофати билан Истамбулда насороларнинг черковлари ҳам, яҳудийларнинг колесолари ҳам ишлаб турибди. Хусусан, Тўпқапида ҳам бир черков сақлаб қолинган.
Тўпқапи сарой-музейида асрлар давомида тўпланган моддий ва маънавий бойликлар, хусусан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга тегишли ашёлар ҳам намойишга қўйилган. Саройнинг “муқаддас омонатлар” бўлими номини олган бу жойда сақланаётган буюмларни Ер юзидаги ҳеч бир бойлик билан баҳолашнинг имкони йўқ. Улар орасида бир қатор пайғамбарларга ва саҳобаларга тегишли буюмлар, қурол-аслаҳалар, “Қуръони карим”нинг илк нусхалари, пайғамбаримиз (с.а.в)нинг турли мамлакатларга юборган мактублари, Каъбаи муаззаманинг калитлари, “Ҳажарул-асвад”нинг олтин қопламаси, Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобаларнинг қиличлари сингари бир қатор мўътабар ашёлар сақланади.
Улардан бири пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га оид деб қараладиган оёқ изларидир. Маълумотларга кўра, бугун бир қатор давлатларда пайғамбаримиз (с.а.в.)га тегишли деб ишонилган “қадами шариф” – оёқ излари сақланади. Қизиғи, уларнинг аксарияти тош ёки ғишт устига туширилган.
Маълумки, умавийлар ва аббосийлардан кейин ислом оламидаги ягона ҳукмдорлик усмонийларга ўтган. Шу боис пайғамбарларга оид бўлган ашёлар, қуроллар, ҳужжатлар ва бошқа муқаддас омонатларнинг катта қисми Макка, Мадина, Қоҳира, Дамашқ ва бошқа шаҳарлардан Истамбулга келтирилган.
Султон Маҳмуд томонидан 1479 йилда қурилиши бошланган Тўпқапи саройи салкам 400 йил мобайнида турк султонларининг қароргоҳи сифатида хизмат қилган. Шу йиллар мобайнида саройда 25 ҳукмдор мамлакатни бошқарган. Саройда яшаб, 4-5 мингга яқин киши хизмат қилгани маълумотларда қайд этилган. Султон ошхонасида бир вақтнинг ўзида мингга яқин ошпаз ишлаган. Бироқ саройда султоннинг тахтга ўтириши ёки ҳайиб байрамлари каби тадбирлар ўтказиладиган бўлса, у ўзида 10 мингга яқин кишини сиғдира олган. Бир йилда саройга 30 мингта жўжа, 23 мингта қўй, 14 мингта бузоқ олиб келинган. Айни дамда ошхона хитой, япон ва турк чиннилари ҳамда Венеция шишалари музейига айлантирилган.
Таҳлилчилар Тўпқапи саройини худди Истамбул каби жуда ҳам сирли эканини таъкидлашади.
Сиз «Муҳташам юз йил», «Кўсем» сингари сериалларда кўрган воқеаларнинг катта қисми ана шу саройнинг турли бурчакларида бўлиб ўтган. Масалан, “Олтин қафас” деб аталмиш бино ҳақида эшитганмисиз? Бу ерда асосан тахт ворислари истиқомат қилган. Меросхўр шаҳзодалар бир-бирлари билан асло учрашмаган. Улар 18 ёшга қадар саройда тарбияланиб, кейинчалик мамлакатнинг турли вилоятларига юборилган. Шаҳзодаларнинг кўпчилиги сарой фитнасининг қурбонига айланган. Уларнинг ўлими билан боғлиқ тафсилотлар саройдан ташқарига чиқмаган, сирлилигича қолган.
Сирларнинг ичидаги сир
Тўпқапи ичма-ич жойлашган уч қисмдан иборат бўлиб, унинг ҳар бирига Боби Ҳумоюн, Бобус-салом ва Бобус-саодат деб номланган алоҳида дарвозалар орқали кирилган. Саройнинг бош дарвозаси Боби Ҳумоюн бўлиб, ушбу дарвозадан хорижий элчилар, фуқаролар киритилган. Бобус-салом орқали кириладиган иккинчи ҳовлида давлат ишлари юритилган, турли ҳужжатлар, фармонлар ҳозирланган, девон мажлислари ўтказилган.
Саройнинг учинчи қаноти бўлган «Ҳарам» мажмуанинг энг сирли қисми. Айнан шу ерда султоннинг онаси – Волида султон ўтириб, ҳарамни бошқарган. Вақти-вақти билан султоннинг кўнглини хушлаш учун жориялар султоннинг назаридан ўтказилган. Зинапоя устидан турган султон «Олтин йўлак»дан ўтаётган қизларнинг қай бирини ёқтириб қолса, унинг устидан тилла танга сочган.
Бугунги кунда Тўпқапи музейи коллекциясида сақланаётган шарқ чинни идишлари бўйича Пекин ва Дрезден саройларидан сўнг учинчи ўринда туради. Бу ерда 10 минг 700 та буюм сақланади. Жаҳоннинг энг машҳур музейларидан бири ҳисобланмиш Тўпқапи сарой-музейида маданият ёдгорликлари – қадимий қўлёзмалар, хитой ва япон чиннилари, қурол-яроғлар, султонларнинг кийим-бошлари сақланмоқда. Музей ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мерослар рўйхатига киритилган.
Истамбулнинг тарихий марказидаги Тўпқапи саройи XVII асрга келиб ўз аҳамиятини йўқота борган. Бунга 1854 йилда Босфор соҳилларида европалик меъморлар иштирокида 285 та хона, 46 та зал ва галерея, 6 та ҳаммоми бўлган «Дўлмабахче» номини олган сарой қурилиши сабаб бўлган. «Дўлмабахче» ҳақида эса алоҳида суҳбатлашамиз.
Сўнгсўз ўрнида
Тарихи бир неча минг йилларга сиғмаган Истамбул шаҳрининг таърифу-тавсифи битта мақолага сиғмайди. Ҳали шаҳарнинг иқлимини белгилаб берувчи азим денгизлари, Истамбулдаги гўзал кошоналар, ҳашаматли олиш-бериш марказлари, оромижон боғлар, дунёдаги энг йирик океанариумлардан бири бўлган сув ости томошахонаси, энг муҳими, унда яшаётган одамлар ҳақида ёзмадик. Ёзган билан барибирир ёзиб тугата олмаймиз.
Минг марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал, дейдилар. Шундай экан, ўзингиз Истамбулга келинг ва ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўринг. Мен эса битта нарсани айта оламан: Сиз, албатта, Истамбулни севиб қоласиз!
Каримберди Тўрамурод,
Истамбул, zarnews.uz сайти учун махсус.