Истамбулдаги "Мовий масжид" ҳақида эшитганмисиз?
Бугун сизларга Истамбулнинг “ташриф қоғози” ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчиман. Интернетдан Туркия деб сурат ахтарсангиз ҳам энг аввал шу масжиднинг расми чиқади, Истамбул деб ахтарсангиз ҳам. Бу масжид сурати почта конвертларини-ю, маркаларини, табрик ойнахатларини-ю, ҳар хил кийим-кечакларни, уй-рўзғор анжомларини-ю, эсдалик буюмларини ҳам безаган.
Истамбулнинг “юзи”
Туркияни Истамбулсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, Истамбулни ҳам Cултон Аҳмад қурдирган "Мовий масжид"сиз тасаввур қилиб бўлмайди. 10 минг киши бирданига намоз ўқий оладиган бу масжидни Султон Аҳмад масжиди ҳам дейишади. Унинг “Мовий масжид” номини олишига сабаб бўлган нарса масжид ичининг 200 мингдан ортиқ мовий кошинлар билан безатилгани ва бу ранг етакчи ранг эканидир.
1603-1617 йилларда ҳукмдорлик қилган, 14 ёшида тахтга ўтирган Султон Аҳмад 19 ёшида “Аё София” ибодатхонаси рўпарасида ундан ҳам гўзал, ундан ҳам маҳобатли, энг муҳими, дунёда тенги бўлмаган масжид қурдиришни ният қилади ва бунинг учун шаҳарнинг баланд ҳамда кўркам жойини танлайди. Бу ердаги Византия империясидан қолган сарой қолдиқлари ва атрофидаги девор-у бир қанча кичик уйларни ҳам буздириб, текислатади. 1609 йилда машҳур Усмоний уста Меъмор Синаннинг моҳир шогирди Садафкор Маҳмуд оға исмли меъмор бошчилигида қурилиши бошланган “Мовий масжид” 1616 йилда қуриб битказилади.
Суратдаги Маҳмуд оға бутун умрини масжид ва мадрасалар қуришга бағишлаган, ҳатто Маккадаги Каъба ибодатхонасининг таъмирида ҳам қатнашган жуда машҳур уста бўлган. У зотни ”Усталарнинг заргари” дейишган.
“Мовий масжид” дунёда ягона олтита минораси бўлган масжид ҳисобланади. Айтишларича, бундан хафа бўлган Макка ҳукмдорлари унга таъна қилишган ва бирор масжидда Маккадаги каби миноралар бўлмаслиги лозимлигини айтишган. Шундан Макка зодагонлари билан келишмай қолишдан чўчиган Султон Аҳмад Каъбада еттинчи минорани ҳам қуришга фармон берган экан.
Афсуски, 27 ёшида тифдан ўлган Султон Аҳмадни барибир Аллоҳ таолонинг қаҳрига қолган деб ҳисоблашади.
Аммо ундан Ислом меъморчилиги ва Европа архитектурасини ўзида мужассам этишини истаган гўзал бир обида қолди-ки, бугун у бутун дунёда дунё архитектурасининг нодир намунаси, деб тан олинган.
Дунёда тенги йўқ деразалар
“Мовий масжид”нинг қибла тарафида беш қатор деразалар жойлаштирилган бўлиб, улар рангли шишалар билан безатилган ва улардан кирган ёруғлик масжид ичини сирли ва ниҳоятда гўзал қилиб юборади. Масжидда жами 260 та дераза бўлиб, афсуски, венецияликлар ишлаган ойналар бугунгача етиб келмаган.
“Мовий масжид” гумбазининг баландлиги 23,5 метр.
Масжид фил оёқлари шаклидаги, диаметри 5 метр бўлган устунлар устига қурилган.
“Мовий масжид” меҳробига Маккадаги Каъбадан олиб келинган қора тош ўрнатилган. Меҳроб ёнидаги имом ваъз ўқийдиган минбар ҳам Каъбадаги минбарнинг ноёб нусхасидир.
Катта ва кичик гумбазлар диёрбакрлик тенгсиз уста Саид Қосим Биборий томонидан безатилган ва уларга Қуръон суралари ва Пайғамбаримиз салаллоҳи алайҳи васалламнинг ҳадислари ёзилган.
Тўрт гумбазга маҳкам тиралган катта гумбазда Султон Аҳмаднинг бир фалсафаси акс этган: тўрт гумбаз ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрати Усмон, ҳазрати Умар ва ҳазрати Алининг тимсоли, уларга таянган асосий гумбаз эса Пайғамбаримиз салаллоҳи алайҳи васалламнинг тимсоллари.
Бу ердаги тошлар, айниқса, оқ мармарлар заргарона ижод намунаси ва ўта камёб тошлардир.
Зиёратга муносиб қабрлар...
Султон Аҳмад масжиди жойлашган майдонни ҳам турклар эҳтиром қилиб, “Султан Ахмед мейдани” деб атайдилар.
Масжиднинг шимоли-шарқий томонида Султон Аҳмаднинг ўғли Усмон II томонидан барпо қилинган мақбара бор. Бу мақбарада Султон Аҳмад, унинг севимли рафиқаси Моҳипайкар, султоннинг Усмон II, Усмон IV ва бошқа болалари дафн этилган. Бу ерда султон авлодларига тегишли бўлган жами 32 та қабр бор.
XIX асргача Маккага, муборак Ҳаж зиёратига йўл олган ҳожилар “Мовий масжид”да йиғилиб, шу ердан сафарга жўнаб кетишган. Шуниси диққатга сазоворки, руслар юртимизни босиб олиб, юртдошларимизга Ҳаж имконияти чекланиб қолмагунича бизнинг диёрдан Ҳажга борувчилар ҳам Туркияда, айнан Истамбулда жам бўлишган.
Улар “Ўзбеклар теккеси” деб номланадиган карвонсаройга жойлашиб, кейин “Мовий масжид”да султоннинг ҳадя ва саломларини олиб, Ҳаж сафарига йўл олганлар. (“Ўзбеклар теккеси” ҳақида алоҳида мақолам бор.)
Масжиддан шарқий эшикдан чиқиш томонда “Vakiflar Hali Muzesi” деб номланган гиламлар музейи бор.
Масжид аслида мадраса, шифохона, хайрия биноси, мактаблар, карвонсаройлар мажмуасига кирган. XIX асрда шифохона ва карвонсаройлар бузилиб кетган.
“Мовий масжид” Туркия пойтахтининг тимсолига айланган. Истамбулликлар бу масжид билан ҳар қанча фахрланса арзийди.
Бугун Султон Аҳмад масжиди мегополис шаҳарнинг энг маҳобатли жомеси сифатида ўзига минг-минглаб сайёҳларни жалб қилади. Албатта, масжиднинг ўзигина эмас, унинг ички гўзаллиги, безакларининг мафтункорлиги, қандилларнинг маҳобати ва у ердан тараладиган дилларни жунбушга келтирувчи азон садолари ҳамда руҳингизни кўкка етакловчи, жон озиғи бўлган гўзал Қуръон тиловатлари ҳам кишини ром этади. Масжид ичида ҳамиша Қуръон қорилари ўтирадиган майдонча бўлиб, истаган одам ўзи ёдлаган сурани қориларга ўқиб бериб, улардан ижоза олишлари мумкин.
Озгина муҳаббат ҳақида
Аввало, шуни айтиш керакки, турк султонларининг инон-ихтиёри, айтиш мумкинки, ўз ҳаётлари ўзларига тегишли бўлмаган. Аслида, барча ҳукмдорларнинг ҳам тақдири шундай...
Султон Аҳмаднинг ҳам тақдири шундай эди. 14 ёшида кутилмаганда тахтга чиқиб қолган Султон Аҳмаднинг ўзини ҳам, унинг ҳамма ишлари ҳам, ҳатто кўнгил ишларини ҳам онаси бошқарар эди. Шунинг учун ёш султон аёлларга паст муносабатда бўлган. Биринчи хотини грек Маҳфирўз Хадича Султонга ҳам шунақа муносабатда эди.
Аммо унинг барча қарашларини венецияликлар билан бўлган урушда асир олиниб, қул қилиб сотилган Анастасия остин-устун қилиб ташлади. Ҳарамга келтирилган чўри сифатидаги Анастасия "Биринчи леди" мақомига эга бўлиб, бугун ўзбек аёллари телевизор қаршисига михланиб томоша қилаётган Моҳипайкар Кусем Султонга айланди. У Султон Аҳмадни шоирга айлантирди, Мажнунга, ошиққа айлантирди. Султон Аҳмад ундан кўп фарзанд кўрди, аммо бир неча боласи гўдаклигида нобуд бўлди. Шунга қарамай, тирик қолган ўғилларидан ҳам иккитаси - Мурод IV ва Иброҳим I султон бўлишди. Салим, Сулаймон, Маҳмуд деган ўғиллари ҳам, Ойша, Хонзода, Атика деган қизлари ҳам Моҳипайкардан туғилган.
Султонлар одатига кўра, барибир Кусем Султондан кейин ҳам ҳарамга хушрўй канизаклар келган ва султон Фотима, Ёсуман каби қизларга уйланган. Султон 27 ёшида ўлган бўлса-да, ундан 12 та ўғил, 9 қиз қолган...
Тасаввур қилинг, ҳали ўғилларимиз 27 да уйланмаяпти, Султон Аҳмаддан эса нобуд бўлганларини қўшмасак ҳам 21 та фарзанд қолган...
Сўнгсўз ўрнида
Султон Аҳмад Туркия тарихида бирор урушда зафар қозонмаган. Форслар билан жангда енгилиб, Грузия ва Озарбайжон ерларини қўлдан чиқарган, Австрия билан ютқизилган уруш туфайли тузилган нобоп шартнома сабаб улардан келадиган ўлпондан айрилган, мамлакатнинг халқаро обрўси тушиб кетишига сабаб бўлган султон сифатида тилга олинади. Аммо урушлардаги муваффақиятсизликларга қарамай турк халқи уни адолатли ички сиёсати, халқ фаровонлиги ва бунёдкорлик ишлари учун жуда севар, бошига кўтарар эди.
Тўпқапида иккита ҳаммом ва яна бир қанча биноларни қурдирган, пойтахтда ёнғин бўлганида оловни ўчириш ишларида шахсан ўзи қатнашиб, ҳатто танаси куйиб, оддий аҳолининг ҳам меҳрига, муҳаббатига сазовор бўлган эди.
Турк халқи уни ҳамиша миннатдор бўлиб ёдга олади, “Мовий масжид” жомесида ўқилган намозлар пайти унинг ҳақига дуо қилади.
Султон Аҳмаддан бутун турк халқи, Истамбул халқи фахрланадиган, дунёда тенгсиз “Мовий масжид” ёдгорлик бўлиб қолди.
Азиз дўстлар, албатта, Истамбулга борсангиз, Султон Аҳмад масжидини томоша қилинг! Унда икки ракаат намоз ўқинг. Султон Аҳмаднинг қабрини ҳам зиёрат қилиб, унинг ҳақига Қуръон тиловат қилинг! Унинг қалби қанчалар гўзал бўлганини кўрмоқчи бўлсангиз, у ердан чиқиб, у қурдирган “Мовий масжид”га боқинг...
Каримберди Тўрамурод,
Истамбул, Султон Аҳмед мейдани, Zarnews.uz сайти учун махсус.