Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Самарқандга келди
Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича: “Глобал дарвоза” конференциясида иштирок этиш учун Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия Самарқандга ташриф буюрди.
Давлат божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов Кунио Микурияни Самарқанд халқаро аэропортида жорий йилдан ишга туширилган “Божхоначисиз назорат” тизими билан яқиндан таништирди.
Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, мамлакатимизда илк бора Самарқанднинг янги замонавий халқаро аэропортида “Масофавий божхона назорати” ёки содда қилиб айтганда божхоначисиз назорат тизими ишга туширилди.
Янги тизим назорат камералари ва парвоз ҳақидаги олдиндан олинган маълумотларни таҳлил қилиш орқали йўловчилар ва уларнинг юкларини билвосита божхона назоратидан ўтказиш имконини беради. Шунингдек, чет эллик сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида ички ҳудудда “Duty free” – божсиз савдо дўконлари ишга туширила бошланди.
Аэропортда божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш жараёнларини кузатар экан, Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Ўзбекистонда божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди ва ҳеч иккиланмасдан ташкилотга аъзо кўплаб мамлакатларга намуна сифатида кўрсатиш мумкинлигини қайд этди.