Жамоат фонди жамиятда инсон ҳуқуқлари ва мулоқот маданиятини юксалтиришда фаоллик кўрсатадиган ННТларга 60 миллион сўмгача грант маблағи ажратади

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди «Инсон ҳуқуқи ва эркинликларига амал қилиш ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш, ҳуқуқ ва манфатларини таъминлаш, маънавий-аҳлоқий билимларни ошириш, оилада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини ошириш» мавзусида иккинчи давлат грантини ажратиш учун танлов ЭЪЛОН ҚИЛАДИ.

Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги мақсадларни назарда тутувчи ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари қабул қилинади:
- Жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва мулоқот маданиятини юксалтириш ҳамда маънавий-маърифий, маданий-гуманитар соҳада инсонпарварлик руҳини кучайтириш;
- Давлат органларида мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, «Давлат органлари халқ хизматида» шиори остида жамиятда ҳуқуқий маданиятни ва аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтиришга, қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарликларга муросасизлик туйғусини кучайтиришга кўмаклашиш;
- Оилавий ажримлар, ноқонуний ва эрта никоҳлар, ўз жонига қасд қилиш, гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш;
- Салбий хулқ-атворга мойил бўлган ёшлар ва аёлларнинг маънавий-ахлоқий профилактикасини ҳамда жамиятга мослашишини кучайтиришда ННТ, ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим ва тиббиёт муассасаларининг ижтимоий шериклигини юксалтириш.
- Экстеримизм ва терроризмга қарши курашиш, муқаддам судланган, уюшмаган, тарбияси оғир ёшларнинг жамиятга қайта ижтимоий интеграциясига (тикланишига) кўмаклашиш.
- «Мустақиллик, энг аввало – ҳуқуқдир», «Адолат – қонун устуворлигида», «Аҳоли мурожаатлари –доимий эътиборда» шиорлари остида қонун ҳужжатларининг ижроси устидан жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини ўрнатиш.
Давлат гранти ажратиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
1. Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;
2. Вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фондининг https://t.me/samarqand_jamoat_fondi телеграм каналида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза;
3. Охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг Устави (Низоми) нусхаси;
4. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
5. Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси;
6. Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг тавсия ҳамда қўллаб-қувватлаш хатлари.
Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори – 60 млн. сўмгача.
Ҳужжатлар 2023 йил 15 майдан 15 июнгача ҳар куни (дам олиш ва байрам кунларидан ташқари) соат 9:00 дан 18:00 гача қабул қилинади.

Ҳужжатлар қуйидаги манзилга - халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди номига «Ўзбекистон почтаси» орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: Самарқанд шаҳри, Спитамен шоҳ кўчаси, 159 «а» уй манзилига «Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Дўстлик уйи» биноси (110-хона) деб юборилиши шарт.

Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг https://t.me/samarqand_jamoat_fondi телеграм расмий каналида танишиш мумкин.

Маълумот учун телефонлар: (55) 701-35-95, (93) 341-13-31