Жамоавий иммунитет ҳосил қилиш йўли билан короновирусга қарши курашиш мумкинми?

Ушбу саволга АОКА штабида ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова жавоб берди:

➖ Жамоавий иммунитет ҳосил қилиш йўли билан короновирусга қарши курашиш усули жуда хавфли. Чунки короновирусга нисбатан оммавий иммунитет шаклланиши учун аҳолининг 60 фоиздан 80 фоизигача қисми касалланиб соғайиши керак.

Кўплаб одамлар, айниқса, хавф гуруҳига кирувчи, сурункали касалликлари бор, катта ёшлилар, ҳомиладорлар ва болаларни хавф остига қўйишимиз мумкин.

Кўп одамларнинг касалланиши, даволаниши ва иммунитет ҳосил қилиши учун бир неча йиллар керак бўлади.

Шунингдек, эпидемиянинг олдини олмасак, инфекция тарқалиши ривожланиб кетади. Касалланиш ҳолатлари ортиб кетиши натижасида клиникалар беморларга тўлиб, соҳага босим ортади, ўлим кўпаяди.

Шунинг учун Ўзбекистон ҳеч қачон бу усулни танламайди. Аксинча, пандемияни назоратда ушлаб туриб узоқ вакт давомида камроқ одам касал бўлишига эришишимиз мумкин.

Юртимизда ҳар бир инсон саломатлиги биринчи ўринда туради. Вақт ўтиши билан ҳар бир инсон ҳаёти давомида бу инфекция билан тўқнашиши мумкин. Лекин бу даврда коранавируснинг касаллик чақириш қобилияти камайган бўлса, уни анча енгил кечиради. Шу давр ичида эса вакцина масаласи ҳам ҳал бўлиши мумкин.