Жанубий Корея 180 та КХДР жанговар самолётларини аниқлагач, 80 га яқин қирувчи самолётни ҳавога чиқарди
Жанубий Корея жума куни 180 дан ортиқ КХДР ҳарбий самолётларининг ҳаракатини аниқлаган ҳолда 80 га яқин қирувчи самолётни ҳавога кўтарди. Бу ҳақда Жанубий Корея ҳарбийлари хабарига таяниб, “Ренхар” хабар бермоқда.
Жанубий Корея Қуролли кучлари штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси маълумотларига кўра, КХДР қирувчи ва бомбардимончи самолётларининг ҳаракати мамлакат ички ҳудудлари, шунингдек, Корея ярим оролининг ғарбий ва шарқий қирғоқлари яқинида кузатилган. Аммо Шимолий Корея самолётлари Жанубий Корея чегарасига яқинлашмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея ва AҚШ Шимолий Кореянинг ракета учирилиши туфайли Корея яримороли ҳудудида ўтказилган қўшма ҳарбий ҳаво машғулотларини узайтиришга қарор қилган эди. Хабар қилинишича, Шимолий Корея пайшанба куни эрталаб битта узоқ масофали ва иккита қисқа масофали баллистик ракеталарни учирган.
Чоршанба куни эрталаб КХДР Япон денгизи ва Сариқ денгиз йўналишида камида 10 та ракета учирди. Улардан бири Жанубий Корея билан ҳақиқий денгиз чегарасидан учиб ўтган бўлса, бошқаси Япония денгизи соҳилидаги мамлакат шимоли-шарқидаги Гангвон провинцияси Сокчо шаҳридан 57 км узоқликдаги денгизга қулаган.
Кун давомида Шимолий Корея Япон денгизига камида 17 та турли ракеталар ва камида 100 та артиллерия ўқларини отган.
Пхеньян машғулотларга жавобан кескин чоралар кўриши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.