Жанубий Корея, АҚШ ва Япония Шимолий Кореянинг баллистик ракета учиришини қоралади
Жанубий Корея президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши (МХК) КХДР томонидан баллистик ракета учирилганини қоралади ва Пхеньянни Корея яриморолидаги кескинликни кучайтирувчи ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирди, деб ёзади “Ренхап”.
МХК аъзолари Шимолий Кореянинг бир неча бор баллистик ракета учириши “Корея ярим оролидаги тинчлик ва барқарорликка зид” эканини айтди.
Кенгашда қатнашган Миллий Хавфсизлик Кенгаши аъзоларининг қайд этишича, учириш Украинадаги инқирознинг “оғир палласида”, Пекинда Паралимпия ўйинлари давом этаётган ва Жанубий Кореяда президентлик сайловлари бошланиши олдидан амалга оширилган. МХК Шимолий Кореяни “зудлик билан кескинликни кучайтирувчи ҳаракатларни тўхтатиш”га чақирди.
МХК аъзолари, шунингдек, шимолдаги ядровий ва ракета иншоотлари мониторингини кучайтириш ва керак бўлса, қарши чораларни фаол ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти вакили Шимолий Корея ракета учиришини БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини очиқдан-очиқ бузиш деб атаганини «Ренхап» агентлиги иқтибос сифатида келтирган.
Агентлик маълумотларига кўра, Давлат департаменти вакили Шимолий Кореяни кейинги провокацияларга йўл қўймаслик ва мулоқотга қайтишга чақирган. “Биз халқаро ҳамжамият билан биргаликда КХДРни Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига риоя қилишга, кейинги провокацияларга йўл қўймасликка, доимий ва мазмунли мулоқот олиб боришга чақирамиз”, деди вакил.
Ўз навбатида, Япония мудофаа вазири Нобуо Киси япон ОАВларига ҳукумат Япониянинг Пекиндаги элчихонаси орқали Шимолий Кореяга норозилик билдирганини айтди. Пхеньян бу йил ракета учиришларни “жуда юқори частотада” амалга оширгани айтилмоқда.
Аввалроқ Жанубий Корея ҳарбийлари КХДР Япон денгизи томон баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берган эди. Учириш Пхеньяндаги Сунан ҳудудидан амалга оширилган. Жанубий Корея ҳарбийлари баллистик ракета 550 км. баландликда тахминан 270 км. масофага учганини маълум қилишди.