Жиноят ишлари бўйича судлар хусусий ажрими билан 7 киши ишдан бўшатилган. Судья йўл қўйган хатоси учун чора олганми?

Халқ депутатлари вилоят Кенгашида олти ой давомида амалга оширилган ишлар бўйича ахборот берган жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси бу саволни очиқ қолдирди.

Ахборотда қайд қилинишича, вилоят судлари томонидан жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масалалари юзасидан 1196 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Хусусий ажримларнинг ижроси бўйича 159 нафар масъул шахс огоҳлантирилган, 10 нафар масъулга “хайфсан” интизомий жазоси қўлланилган. Шунингдек, 7 нафар масъул шахс билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Хусусий ажрим натижалари бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинган 7 нафар шахснинг 3 нафари соғлиқни сақлаш соҳаси ходими бўлган. Бундан ташқари, электр тармоқлари корхонаси, бандликка кўмаклашиш маркази, маданият ва халқ таълим тизимидан 1 нафардан шахс жиноят ишлари бўйича суднинг ажримига асосан ишдан бўшатилган.

Аммо жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси ўтган олти ойда судьялар фаолиятида камчиликка йўл қўйилганлиги ёки бундай бўлмаганлиги ҳақида тўхталмади. Ахир иш фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган судья ҳам интизомий жавобгарликка тортилгани ёки вазифасидан озод этилган бўлиши ҳам мумкинку?!

Тўғри, ҳисобот даврида жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туман судлари судьяларининг бир ойлик ўртача иш ҳажми 31 тани, вилоят судида эса 7,5 тани ташкил этган. Бу кўп ёки камлиги ҳақида бир нарса дейиш қийин. Аммо апелляция ва кассация инстанцияси судлов ҳайъатларида 65 та иш бўйича 84 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган. Бундан ташқари, 7 та иш бўйича 7 нафар шахсларга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган.

Демак, 7 киши “жиноятчи” бўлиб қолишида қозиларнинг ҳам қайсидир маънода айби борку?! Хўш, уларга қандай чора кўрилган?

Ё.ГАДОЕВ.