Жиноятчиликнинг олдини олишда ёшлар етакчисининг ўрни қандай?

“Туманимизда ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган ёшлар кам, аммо жиноятчилик кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан ошган”.
Бу гапни Самарқанд тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилфуза Азизова айтди. Хўш, унда бунинг сабаблари нимада?
Айрим етакчилар фаолияти қониқарсиз
Мактаблардаги ёшлар етакчилари фаолияти тўхтатилиб, бу вазифа маҳалла фуқаролар йиғинларида жорий этилганига ҳам қарийб бир йил бўлди. Уларнинг зиммасига мактаб ўқувчиларигагина эмас, балки маҳаллада яшовчи 30 ёшгача бўлган йигит-қизларга етакчилик қилиш масъулияти юкланган. Бу вазифани сидқидилдан бажараётганлар кўпчиликни ташкил этади, аммо...
- Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ёшлар етакчилари орасида фаолияти қониқарсиз бўлганлар ҳам йўқ эмас, - дейди Дилфуза Азизова. - Туманимизда 74 та маҳалла мавжуд бўлиб, барчасида ёшлар етакчилари фаолият олиб боряпти. Улар 51 мингдан ортиқ йигит-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топишга кўмаклашиш билан шуғулланади. Маҳаллаларни ёшлар етакчиларининг фаолиятига асосан тоифаларга ажратганмиз. Бунга кўра, Найман, Бухорий ва Деҳнав маҳаллалари қизил тоифада. Сабаби, айнан шу 3 маҳалла етакчилари фаолияти қониқарли эмас. 57 маҳалла яшил, қолганлари эса сариқ ҳудудлар ҳисобланади. Рейтинг натижаларига кўра яшил тоифадаги ҳудудлардан Миронқул, Бўзи ҳамда Сулфакабутак маҳаллалари илғорлар сафида. Улар тумандаги бошқа маҳаллаларга ўрнак бўляпти.
“Беш муҳим ташаббус” – имкониятлар эшиги
Маълумки, “Беш муҳим ташаббус” олимпиадаси ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, улар орасидан иқтидорлиларни излаб топиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш имкониятини яратиб бермоқда. Олимпиада доирасидаги тадбирларни ўтказишда ҳам ёшлар етакчиларининг ўрни алоҳида.
- Масалан, туманимиздаги Миронқул маҳалласи ёшлари “Беш муҳим ташаббус” олимпиадаси биринчи мавсумининг мамлакат босқичида спортнинг “Workout” тури бўйича учинчи ўринни эгаллади, - дейди Д.Азизова. – Мукофот ўрнида маҳалла ёшлари учун “Workout” майдончаси қуриб бериляпти. Айни пайтда олимпиаданинг иккинчи мавсуми вилоят босқичи ўтказиляпти. Бу мавсумда шу пайтга қадар туманимизнинг 4 та маҳалла жамоаси стол тенниси, шашка ва кураш спорт турлари бўйича республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Туманда ёшлар ўртасидаги жиноят ошган. Нега?
Жиноятчилик аксарият ҳолларда бекорчиликдан келиб чиқади. Ёшларнинг бўш вақтлари мазмунли ташкил этилса, улар ўзларига фойдали бўлган иш билан банд бўлса, нотўғри йўлга қадам қўйишдан тийилади.
- Туманимизда ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган ёшлар кам, аммо жиноятчилик кўрсатгичи ўтган йилга нисбатан ошган, - фикрини давом эттирди туман ҳокими ўринбосари. – Айни кеч пайти, яъни 16:00 дан 22:00 гача кўпроқ уюшмаган ёшлар мактаблардаги спорт залларида ташкил этилаётган тўгараклар ва мусобақаларга таклиф қилиняпти. Бу жиноятчиликнинг олдини олишда яхши самара беряпти. Ҳудудимиздан катта магистрал йўл ўтган. Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг ортиши бошқа туман ёки вилоят фуқаролари бошқарувидаги автомашиналар иштирокида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари эвазига ҳамдир. Тўғри, бошқа жиноят турлари кўрсаткичлари бўйича ҳам ижобий натижаларга эришяпмиз, деб мақтана олмаймиз. Ҳеч бир жиноят содир этилмаса ютуқ деб ҳисоблашимиз мумкин. Бугунги кунда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун нафақат ёшлар етакчилари, тумандаги барча мутасаддилар, кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда зарур чора-тадбирлар кўриляпти.
Бўзининг бўз йигитлари
Туманнинг Бўзи маҳалласи аҳолисининг 2556 нафарини ёшлар ташкил этади. Уларнинг 400 нафари спорт тўгаракларига қатнайди.
- Бўзининг бўз йигитлари орасидан жаҳон чемпионлари етишиб чиқяпти, - дейди маҳалла ёшлар етакчиси Муҳиддин Қосимов. – Шу йилнинг ўзида 2 нафар йигит, яъни Озодбек Худойқулов универсал жанг санъати бўйича жаҳон чемпиони бўлган бўлса, яқинда Озарбайжонда спортнинг миллий кураш туридан ўтказилган халқаро мусобақада Сардор Олимжонов учинчи ўринни эгаллаб қайтди.
Маҳаллада жиноятчилик содир этилмаган
Бўзи ёшлари ўртасида шу йилнинг ўтган даври мобайнида бирорта жиноят кузатилмаган.
- Шу маҳаллада фаолият бошлаганимда 2 нафар йигит пробация рўйхатида турган эди, - дейди етакчи М.Қосимов. – Маҳалла фаоллари билан биргаликда уларнинг бирини тадбиркорликка йўналтирдик, натижада у ўзининг шахсий бизнесига эга бўлди. Иккинчисини эса спортга жалб қилдик. Бу йигит самбо бўйича республика мусобақасида иккинчи ўринни эгаллаб келди ва тўгарак ташкил қилиб, шогирдлар тайёрлаяпти. Яна бир йигит қамоқ жазосини ўтаб қайтган. Унинг ҳам бандлиги таъминланган, яъни мактабда боғбон вазифасида ишлаяпти. Шунингдек, кечки пайтда спорт залида ташкил этиладиган тўгарак ва мусобақаларда мунтазам қатнашиб туради. Маҳаллада ёшлар ўртасида “Қалқон” гуруҳи ташкил қилинган. Бу гуруҳ жиноятчиликнинг олдини олишда маҳалла фаолларига яқин кўмакчи. Шунингдек, профилактика инспектори билан ҳамкорликда жиноятчиликка мойиллиги бўлган ёшларни аниқлаб, уларни ҳам ўз вақтида, асосан, спорт тўгаракларига жалб қилишга ҳаракат қиляпмиз.
Ҳар бир етакчи – бир-бирига кўмакчи
Тумандаги ҳар бир сектор кесимида маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ёшлар етакчилари ўртасида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Туман ҳокими ўринбосари Дилфуза Азизова ташаббуси билан “Ўрган, ўргат!” лойиҳаси асосида етакчилар тажриба алмашади.
- Масалан, 1-сектор маҳалла етакчилари ўтган шанба куни Миронқулда бўлдик, - дейди Сулфакабутак маҳалласи ёшлар етакчиси Камол Аҳмадов. – Бу маҳаллада бунёд этилаётган спорт майдончаси ва унинг атрофини ободонлаштиришга ҳисса қўшдик. Ҳашар давомида фаолиятимиз бўйича эришган ютуқларимиз ҳақида гапириб бердик, камчиликларимизни муҳокама қилдик. Билмаганларимизни ўргандик, билганларимизни ўргатдик. Шунингдек, “Ўрган, ўргат!” лойиҳаси доирасида маҳаллаларда тарқатилган асбоб-ускуналардан ёшлар қай даражада фойдаланаётганини биргаликда назорат қиляпмиз. Бу айрим жойларда учраётгани каби ускуналарни сотиб юбориш ёки тўғри фойдаланмаслик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қиляпти.
Туман ички ишлар бўлимидан олинган маълумотларга кўра, шу йилнинг ўтган 10 ойи давомида ёшлар ўртасида 90 та жиноят содир этилган бўлиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 29 тага кўпайган. Ачинарлиси, бу жиноятларнинг 8 таси вояга етмаганлар, 20 таси хотин-қизлар томонидан содир этилган.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.