Жомбойда Давлат хизматлари маркази биноси фойдаланишга топширилди

175 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган туман аҳолиси эндиликда замонавий қулайликларга эга, инновацион марказ биносида тезкор ҳамда шаффоф хизматлардан баҳраманд бўлади.

– Бир неча йиллар олдин арзимас юмушларни бажариш учун айрим давлат идоралари эшиги олдида сарғайиб ўтириларди, – дейди меҳнат фахрийси Т.Воҳидов. – Биргина, уй-жойимнинг кадастри учун қилган югур-югурларни эслагим келмайди. Эндиликда, бундай сарсонгарчиликлар йўқ. Шундай яхши ташаббуслар кўпаяверсин.

– Жомбой тумани Давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 2020 йилнинг ўтган 10 ойи давомида жами 24177 та давлат хизмати кўрсатилган, – дейди марказ директори Р.Раҳматов.

Хусусан, 1069 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, хорижий инвестиция иштирокидаги 4 та корхона давлат рўйхатига олинди. Янги бинода аҳолига хизмат кўрсатиш сифати янада ошиб, бу кўрсаткични икки баробарга ошириш кўзда тутилган.

Марказнинг янги биноси давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган бўлиб, энг замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланган. Марказга киришингиз билан сизни хушмуомала ходимлар кутиб олишади ва тегишли тартибда йўналтиради. Электрон навбат тизими 4 та мониторда акс этади, 20 та қабул ойнасида кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.

Таъкидлаш жоизки, илгариги бинода кутиш залининг торлиги боис, мурожаатчилар ичкарига кирса, қолганлари йўлакда кутиб қолишарди. Бу эса аҳоли учун ноқулайлик туғдирарди.

Марказ биносида туман фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлими, тадбиркорлар учун Бош вазир қабулхонаси, инвесторлар хонаси, нотариус бўлими, банк кассаси ташкил этилган. Бундан ташқари, кутиш залида мўъжаз кутубхона мавжуд бўлиб, фуқаролар бу ерда жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарларини мутолаа қилиш имкониятига эга бўлишади.

Аҳоли учун барча шарт-шароитларни ўзида мужассамлаштирган Давлат хизматлари марказининг инновацион биноси барпо этилишида “Алижон қурилиш сервис” МЧЖ қурилиш жамоаси жонбозлик кўрсатди.