Жомбойда фойдаланилмаётган бино таъмирланиб, муҳтож оилаларга уй-жой қилиб берилди
Тумандаги Қўлбости маҳалласи ҳудудида бўш турган 2-умумий ўрта таълим мактаби биноси туман ҳокимлиги балансига олиниб, реконструкция қилингач, уй-жойларга айлантирилган.
Мазкур хонадонлар ижтимоий ҳимояга муҳтож 33 нафар аёлга топширилди. Бу иш учун бюджетдан 1,1 миллиард сўм сарфланган. Янги хонадонларга, ичимлик суви, электр тармоғи тортилган ва оилаларга биттадан газбаллон берилган. Кам таъминланган оилаларнинг 44 нафар фарзандига суннат тўйи ҳам қилиб берилган.
Худди шундай туманнинг Узуновул массивида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 8 та хонадон топширилди ва 6 нафар боланинг суннат тўйи ҳам ўтказилди. Бу маҳалладаги уйларнинг қурилишига ҳомийлар ўз ҳиссасини қўшгани айтилмоқда. Хусусан, “Ҳасана” жамоатчилик вакиллари қарийб 500 миллион сўм сарфлаган.
Эслатиб ўтамиз, Президентимиз Мирзиёевнинг жорий йил 15-16 апрель кунлари Самарқандга ташрифи давомида Жомбойда фойдаланилмаётган биноларни ижтимоий ётоқхона айлантириш топшириғи берилганди.