ЖССТ 2 миллиард одамнинг инфекция юқтириши хавфи ҳақида огоҳлантирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар туфайли касалхоналарда дунё бўйлаб 1,8 миллиардга яқин одамнинг COVID-19 ва бошқа юқумли касалликлар билан касалланиш хавфи юқори бўлганлиги тўғрисида огоҳлантирди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилган.

"Сув, санитария ва гигиена соғлиқни сақлаш ходимлари ҳамда беморларнинг хавфсизлиги учун жуда муҳим. Аммо бу ҳар доим ҳам устувор масала ҳисобланмаяпти", дейилади ташкилот ҳисоботида.

Ҳисоботда айтилишича, 47 та ривожланмаган мамлакатнинг ҳар тўртинчисининг соғлиқни сақлаш муассасаларида сув таъминоти бўлмагани ва ҳар учинчисида қўл гигиенаси воситалари ёки чиқиндини хавфсиз сортировкалаш амалга оширилмагани билан аҳвол ўта аянчли.

ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесуснинг айтишича, муассасаларда тиббиёт ходимлари учун тегишли гигиена бўлмаган шароитда меҳнат қилиши шахсий ҳимоя воситаларисиз ишлашга тенгдир. Мутахассис сув таъминоти, санитария ва гигиена COVID-19 га қарши курашда катта роль ўйнашини эслатди. Унинг сўзларига кўра, ривожланмаган мамлакатларда бу жиддий муаммолар билан ҳали қаттиқ курашиш талаб этилади.

Энг кам ривожланган 47 мамлакатнинг барча соғлиқни сақлаш муассасаларида сув таъминоти бўйича асосий хизматларни ташкил этиш учун жон бошига 1 АҚШ доллари сарфланишини тахмин қилинди. Хизматларни бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш учун эса ўртача йилига аҳоли жон бошига 0,20 доллар керак бўлади.

Шу кунларда коронавирус билан касалланганлар сони 70 миллион кишидан ошди.

Аввалроқ ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус дунё аҳолисининг аксарияти учун коронавирус хавфи ҳақида огоҳлантирган эди.