Журналистнинг фаол фуқаролик позицияси қандай бўлиши керак?

Журналист бугунги кун ислоҳотларини сифатли ва холис ёритишда қандай муаммоларга дуч келяпти? Тезкор ахборот оқимида уларни узатишда камчиликлар нималардан иборат?

Ўзбекистон журналистлари ижодий  уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов анжуманда шу масалаларга тўхталиб ўтди.

- Мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида кейинги йилларда миқдор ўзгаришлари билан бирга сифат ўзгаришлари ҳам юз бермоқда, - дейди С.Ҳакимов. - Газеталар, телерадиоканалларда ошкоралик, таҳлил ва холис танқид руҳи кучаймоқда, бевосита хорижий мамлакатлардан тайёрланаётган материаллар сони ортиб бормоқда. Миллий медиа майдонимизда фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган нодавлат оммавий ахборот воситалари тармоғи кенгайиб, самарали фаолият кўрсатяпти, интернет журналистикаси жадал ривожланмоқда. Вилоят ва туман оммавий ахборот воситаларининг медиа майдондаги ўрнини  мустаҳкамлашга ҳам эътибор кучаймоқда

Республикадаги марказий ҳамда Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятлари оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмита раиси ўринбосари Э.Холбўтаев, «Правда Востока» газетаси муҳаррири С.Дониёров сўзга чиқиб, юртимизда ОАВ учун яратилаётган шарт-шароитлар, журналистларнинг ўз навбатида бугунги ислоҳотларни ёритишидаги камчиликлар муоҳкама этилди.

Тадбирда Республика товар-хомашё биржаси -  «Дўстлар клуби» номидан Самарқанд вилоятидаги “Пахтачи” туман  газетасига компьютер жамланмаси топширилди, Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятларидан ташриф буюрган бир гуруҳ фахрий журналистлар ва ёш ижодкорлар уюшма фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

- Газетамизда кимнидир танқид қилишдан олдин у ёки бу масалага жамоатчилик эътиборини қаратиш орқали муаммонинг илдизларини ўрганишга эътибор қаратяпмиз, - дейди «Дўстлик байроғи» ва «Знамя дружбы» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Бектемир Пирнафасов. – Муҳим хабарларни газетадан аввал таҳририят веб-сайтида беришга одатландик. Тезкорлик, муаммоларга ҳар томонлама ёндашув ўқувчиларимиз сонининг ошишига туртки бўлмоқда.

Конференция иштирокчилари Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилишди. “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти фаолияти, Самарқанд шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишдилар. Имом ал-Бухорий мажмуасида бўлиб, Пайариқ тумани “Хўжа Исмоил” маҳалласи фаоллари билан учрашди, маҳалла кутубхонасига китоблар совға қилишди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.