Карантин баҳорги меваларни ички бозорларга етказиш ва хорижга экспорт қилишга халақит берадими?
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Саидкамол Хўжаев АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда карантин вақтида баҳорги меваларни ички бозорларга етказиш ва хорижга экспорт қилиш хусусида маълумот берди.
— Йўқ, Ўзбекистон қишлоқ-хўжалиги маҳсулотларининг асосий харидор давлатлари — Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Украина ва бошқа давлатлар бу маҳсулотлар киришига чегараларини ёпгани йўқ, - деди Саидкамол Хўжаев.
Шунингдек, маҳсулотлар импортига қўшимча енгилликлар киритилиши ҳақида маълум қилинди.
Коронавирус пандемияси таъсирида юзага келган глобал иқтисодий инқироз шароитида экспортчилар ва тадбиркорларда юзага келаётган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида 24/7 режимида узлуксиз фаолият юритувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш штаби ва “Call centerlar” ташкил этилган.
- Ишонч телефони: 71 260 36 87, 71 260 48 73.
Штаб томонидан, тадбиркорларда етиштириш, экспорт қилиш ва ички бозорларга етказиш фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш бўйича юзага келаётган масалаларга тезкор ечимлар топиш учун тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.