Карантиндан кейинги ҳаёт
Яна бир ойлардан кейин дунё бўйлаб тақиқлар тугаб ҳаёт ўз изига тушади. Майли, бир ой эмас, ундан кўпроқ вақт кетсин. Аммо қачондир, албатта бу вабосифат касалликни тарқалишига чек қўйилади. Бироқ жаҳоннинг машҳур таҳлилчилари “дунё энди аввалгидек бўлмайди” деган фаразни илгари суришмоқда.
Хўш, дунё аввал қандай эди?
Агар ҳозирда яшаётган ҳаётимизга назар соладиган бўлсак, тан олиш керак, одамзот анча ҳаддидан ошиб кетган экан.
Барча ерда нолиш авж олган, ношукурлик кўпайганди. Ижтимоий тармоқларни эсга олсангиз, рўмол билан бўлишдик, ақлимиз етадиган-етмайдиган мавзуларда чиқишлар қилдик. Билган-билмаган сиёсатчига, иқтисодчига тақлид қилиб “таҳлилий мақола”лар билан чиқишлар қилди. Айрим хонандалар Қуръон илмидан онлайн тарзда дарс беришга уринди.
Табиатни қийратдик. Дарахт-ниҳолларни илдизидан қўпордик. Она табиат фарёд урди, тингламадик. Об-ҳавони заҳарладик. Бўрқсиб чиқаётган тутунлардан осмон бўғилаёзди, чиқиндилардан денгизу-уммон ларзага келди.
Кеча бозорга тушдим.
Сут маҳсулотлари докалар остида, гўшт-хасипларнинг, оби-нонлар усти ўралган.
Аввалгидек қўлини банкага ёки қатиққа тиқиб, татиб кўришлар, пулни олиб, кейин маҳсулотни ушлаб сумкага солиб беришлар йўқ. Тутун ичида салат билан шашликни харидорга етказишга уринаётган ёки балиқни кесиб қонли пичоғи билан нонни тўғраётган сотувчиларни кўрмадим. Улар йўқ.
Касалхонага бордим.
Сарғайма, грипп, қизамиқ каби юқумли касалликлар билан оғриганлар жуда кам.
Каттақўрғон шаҳрида 33 та юқумли касалликдан 2020 йил 3 ойида 19 та касаллик бўйича ич терлама, паратифлар, салионеллёз, дизентерия, менингит, дифтерия, скарлатина, кўкйўтал, қизилча, қизамиқ, вирусли гепатит В, С, Д, Е, грипп, ирсиниоз, қораоқсоқ, тепки каби касалликлар рўйхатга олинмаган.
2019 йилнинг шу даврига нисбатан 12 та касаллик бўйича сувчечак, вирусли гепатит А, ўткир ичак инфекцияси, УРВИ каби касалликлар бўйича камайиш кузатилган.
Вирусли гепатит касаллиги 2019 йилнинг 3 ойида 34 та аниқланган бўлса, 2020 йил 3 ойида 15 та рўйхатга олинган.
Биз шу бугунга қадар инфекцияни ичида яшаганмиз. Бир-биримиз билан мудом яқин масофада алоқада бўлганмиз, умуман, гигиена талабларини унутганимиз боис турли касалликларни ўзимиз билмаган ҳолда ташиб юрганмиз. Бу ҳақиқат.
Бир эслаб кўринг.
Қайси замонда йўталган ёки иситма қилган одамни изоляция қилганмиз. Бизнинг ўзбекча “шамоллабман” деган ташхис ортидан ва уни даволашда оддий “думба ёғини қиздириб босиб” озмунча касалликни ўтказиб юборганмизми?
Ҳамма ер дезинфекция қилинди. Мисли кўрилмаган ҳудудлар қамраб олинди. Ҳеч қайси замонда бу тарзда тозалик, гигиеник тадбирлари амалга оширилмаган.
Хуллас, олдимиз ёз.
Бошланган чораларимиз, тозалик ва озодалик билан боғлиқ тадбирларимиз давом этиши керак.
Зора, миллийлигимиз, маданиятимизга ёт бўлган ғайритабиий кўришишлар ўз ўрнини аждодларимиздан мерос қолган кўксига қўл қўйиб саломлашишдек чиройли одатларимизга бўшатиб берса.
Бугун амалга оширилаётган барча хайрли ишлар, гигиеник муносабатлар фақат белгиланган тартиб қоидалар нуқтаи назаридан эмас, балки одамийлик жиҳатидан ҳам сақланиб қолиши керак.
Жамшид Носиров.