Картошка, қуён, жўжа… камбағалликдан чиқишга ёрдам берадими?

Камбағаллик. Хўш, унга қандай барҳам бериш мумкин? Қашшоқликка қарши самарали курашиш учун нима қилиш, қандай тадбир қўллаш керак? Уни қисқартириш йўллари борми? Бўлса, қайси йўл, самараси қандай?

Айни пайтда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида шу саволларга амалий жавоб топиш, камбағалликка барҳам бериш мақсадида тадбирлар қўлланиляпти, эҳтиёжманд оилалар қўллаб-қувватланяпти. Хўш, бу борада Булунғур туманида қандай ишлар амалга ошириляпти? Қўлланаётган тадбирлар нечоғли самара беряпти? Биз туманда бўлиб, шу саволларга жавоб изладик.

Даромад манбасига эга оилада камбағаллик барҳам топади

- Туманимизда 187 минг аҳоли яшайди: 41 минг оила бор, шундан 2 минг 106 таси камбағал оила сифатида рўйхатда турибди, - дейди туман ҳокими Баҳодир Баҳромов. – Уларга имкон қадар ёрдам бериб келганмиз. Аммо халқимиз “Қўлдан берганга қуш тўймайди”, деб бежиз айтмайди. Қолаверса, Шарқда бир доно гап бор: «Камбағалликка ялқовлик қўшилса, бунинг давоси йўқ”. Шунинг учун бугунги талаб - камбағалларда иқтисодий фаолликни уйғотиш, уларга ишлаб пул топиб, тўқ яшаши учун шароит ва имконият яратиш. Биз шундай қиляпмиз. Чунки даромад манбасига эга, яъни кичик бўлса ҳам тадбиркорлик қилган оила камбағал бўлмайди.

Бунга эришиш учун шу йил февраль ойида туманни қишлоқлар кесимида 7 та ҳудудга бўлиб, ўзим, қолган сектор раҳбарлари ва аъзолари ўзларига биркитилган қишлоқларда яшовчи фуқароларнинг яшаш шароитлари, хоҳиш-истаклари, муаммо ва таклифларини ўргандик. Натижада қишлоқнинг азалдан нима билан шуғулланганлиги, кўникмаларидан келиб чиқиб, тадбир белгилаб олдик. Яъни, ҳар бир ҳудуд комплекс таҳлил қилиниб, “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқларнинг ихтисослашуви белгиланди. Масалан, собиқ Навоий қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 8 та маҳаллада 31 минг 500 нафар аҳолининг 14 минг 800 нафари меҳнатга лаёқатли. Уларнинг аксарияти кўп йилдан буён картошка етиштириш билан шуғулланади. Шу боис бу маҳалладаги хонадонларга арзон нархларда картошка уруғи етказиб бердик, илмий ёндашув орқали маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш чораларини кўрдик.

Тонготар, Қиёт, Шўра, Олмазор каби қишлоқлардаги 425 хонадоннинг 28 гектар томорқа ерига помидор экилди. Дастлабки таҳлиллар бўйича битта хонадон 15 сотих томорқадан 11-12 миллион сўм атрофида даромад олиши кутилмоқда. Шунингдек, октябрь ойида помидордан бўшаган бу майдонларда саримсоқпиёз, кўкатлар ва бошқа экинлар экиш орқали ҳар бир хонадон бозорга 7-8 миллион сўмлик маҳсулот чиқаради.

Ёки Нурли йўл маҳалласини олайлик. Бу ерда яшовчи аҳолига кооператив асосида бройлер жўжа етказиб берилди. Бунда таъминотчи - “Шавкатбек барокат сифат” масъулияти чекланган жамиятига 130 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Натижада 230 хонадонга 50 бошдан 11 минг 500 дона бройлер жўжа ва ем тарқатилди. 40-45 кунда тайёр бўладиган гўштни корхонанинг ўзи сотиб олиши орқали битта хонадон 900 минг сўмдан 1 миллион 200 минг сўмгача даромад олиш имконияти яратилди. Кўрилаётган мазкур чоралар натижасида биргина шу маҳалладаги 50 та камбағал оиладан 46 таси йил якунига қадар камбағалликдан чиқарилади.

Умуман, туманимизда камбағалликни камайтириш мақсадида учта - “Ёш ТАД томорқа”, “Мингтепа файзли ери” ҳамда “Юқори Қўштамғали томорқа” ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилди. Уларга 52 гектар майдон ажратилиб, ушбу ер майдонлари 167 нафар ишсиз ва камбағал оилаларга 20 сотихдан бўлиб берилди. Кооператив аъзоларига эса туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 2 миллион 230 минг сўмдан, жами 372 миллион сўм субсидия ажратилмоқда. Шунингдек, маҳаллалар кесимида аниқланган камбағал оилаларга бройлер жўжа, қўй ва қуёнлар тарқатилди, 1 сотихли иссиқхона қуриб берилди.

Келинг, қуён боқамиз!

Туман ҳокими билан суҳбатлашгач, бундай имкониятларга эга бўлган оилаларнинг ишни қандай ташкил этгани билан қизиқиб, айрим қишлоқларда бўлдик. Биринчи манзилимиз Мингтепа маҳалласидаги Ўртабулоқ қишлоғи бўлди. - Битта хонадонда икки оила, 16 киши яшаймиз, - дейди Дилмурод Каримов. – Отам корхонада ишлайди. Ўзим мавсумий ишчиман, кичик майдондаги томорқамизни айтмасак, рўзғорга бошқа даромад келмайди ҳисоб. Бир ой аввал 3-сектор раҳбари Бунёд Жўрақулов қишлоқдошларимизни йиғиб, қуён етиштириш, уни парваришлаш жараёни, фойдаси ҳақида гапирди. Кимда хоҳиш бўлса, кредит асосида қуён олиши мумкинлигини айтди. Оилам, фарзандларим билан маслаҳатлашгач, ҳужжатларни тўғрилаб, «Микрокредитбанк» туман бўлимидан 15 миллион сўм кредит расмийлаштирдим. Ҳозирча 25 бош қуён боқяпман, эрта-индин яна 75 бош олиш учун жой тайёрлаяпман. Қуён парвариши у қадар кўп меҳнат талаб қилмайдиган, харажати ҳам катта эмас экан. Муҳими, завқли. Насиб бўлса, августдан меҳнатимизнинг самарасини кўрамиз.

Билишимизча, «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида иш юритаётган Мингтепа маҳалласида Д.Каримов каби 11 хонадон 440 бош қуён боқяпти экан. «Уларни кўриб, камбағал оила рўйхатида турган 32 оила ҳам 15 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача йиллик 16 фоизли кредит олиб, қуён боқиш учун ҳужжат тўғриламоқда. Чунки етилган қуёнларни таъминотчи – «The world of bunnies» корхонасининг ўзи сотиб олади», дейди маҳалла раиси Назокат Жуманова.

20 сотих ерли бўлдим

“Ёш ТАД томорқа” ишлаб чиқариш кооперативи Оқтош маҳалласи ҳудудида фаолият юритади. Кооперативда 56 нафар ишсиз ва кам таъминланган оила аъзо бўлиб, уларга 123 миллион 200 минг сўм субсидия ажратилган, 3 нафар фуқарога 800 килограмм картошка уруғи, 5 та хонадонга иссиқхона қуриб берилган. Айни кунда кооператив аъзолари 17,1 гектар майдонда помидор ва пиёз етиштирмоқда. Шулардан бири Бедана қишлоғида яшовчи Дилшод Байманов.

- Оилада 4 кишимиз, - дейди у. - Фарзандларим ёш. Турмуш ўртоғим билан бизга фойдаланиш учун берилган 20 сотих ерга пиёз экдик. Ер тайёрлашда кооператив кўмак берди, уруғлик ва минерал ўғит олиш учун 2 миллион 230 минг сўмлик субсидия олдик. Ер унумдор, суғориш учун сув бор. Биздан фақат меҳнат қилиш талаб қилинади холос. Хомчўт қилишимча, 15 тонна пиёз ҳосили оламиз. 2 минг сўмдан сотсак ҳам 30 миллион сўм даромад қиламиз. Насиб бўлса, камбағалликдан чиқиб, бир бош соғин сигир сотиб оламан, рўзғорим камини тўлдираман.

Дарвоқе, кооператив ўз аъзоларига экинларга агротехник ишлов беришдан тортиб, маҳсулот тайёр бўлгунча ёрдам беради. Аҳамиятлиси, кам таъминланган оила вакили ажратилган майдонда етиштирган ҳосилини сотишда ҳам овора бўлмайди. Кооператив уни бозор нархида харид қилади.

Битта бройлер жўжага 25 минг сўм харажат, 32 минг сўм даромад

Чўянтепа маҳалласида яшовчи аҳоли “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида бройлер жўжа етиштиришни танлаган. Масалан, биргина Мўғол қишлоғида 9 оила 2,5 минг бош жўжа боқмоқда.

- Банкдан 12,5 миллион сўм кредит олиб, 500 та жўжа боқяпмиз, - дейди шу қишлоқда яшовчи Икром Ярашев. - Асосан мавсумий ишларни бажариш орқали даромад топардим. Афсуски, карантин даврида мавсумий ишлар ҳам у қадар кўп бўлмаяпти. Оилани боқиш, тирикчилик ўтказишга анча қийналиб қолгандим. Ташкилотчиларга раҳмат, мен каби ишсиз кишиларга уйда иш билан банд бўлиш, даромад топиш имконини беришди. Ўн кун аввал “Достонбек Нажмиддин чорваси” корхонаси томонидан 500 та бройлер жўжа озуқаси билан берилганди. Қирқ беш кундан кейин жўжалар катта бўлгач, таъминотчининг ўзи сотиб оладиган бўлди. Жойим кенг, яхши парвариш қиляпмиз. Ҳисоб-китоб қилиб кўрдим: бир ярим ойда битта бройлер жўжа боқиш учун ўртача 25 минг сўм харажат қилар эканман. Ҳар бир жўжа икки килограммдан гўшт қилса, 32 минг сўм даромад оламан. Бир ярим ойда рўзғоримга 3,5 миллион сўм фойда кириши тирикчилик ўтказишимизга катта ёрдам бўлади.

Олис қишлоқда чарм маҳсулотлари тайёрланмоқда

Исори Ўроқли маҳалласида бўлганимизда “Тадбиркорлик кайфияти бор жойда камбағаллик бўлмайди”, деган гапнинг нечоғли ҳақиқат эканига амин бўлдик. Чунки 2 минг 530 нафар аҳоли яшайдиган маҳаллада 630 оила бор. Шуларнинг 29 таси камбағал оилалар рўйхатига киритилган. Сектор раҳбарлари бу оилалар аҳволини ўрганиш жараёнида улардан бири – Иброҳим Жомонқуловнинг тадбиркорлик қилишга иштиёқи бор, аммо имконияти йўқлигини англашди. Унга “Агробанк”нинг Булунғур филиалидан уч йилга 20 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишига кўмаклашиб, “Кўмакдош чарм маҳсулот” хусусий корхонасини ташкил этди. Шу билан бирга маҳалла биносининг бўш турган биносини бепул фойдаланиш учун ажратиб берди ва камбағаллик рўйхатида турган 12 нафар оила аъзоларини ушбу корхонага ишга жойлаштирди.

- Бундай имкониятлардан ташқари, Президентимиз томонидан камбағал оилаларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун яратилган енгилликлардан ҳам фойдаланяпман, - дейди И.Жомонқулов. – Шунга кўра, сифатли чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бош мақсад қилиб қўйдим. Муҳими, бу соҳада тажрибам бор: кўп йиллар чармни қайта ишлаш корхоналарида фаолият юритганман. Иш бошлаганимизга бир ой бўлишига қарамай, биз тайёрлаган футбол тўпи, спорт анжомлари, қайиш каби маҳсулотларга мижозлар кўпайди. Ҳозирча эски ускуналардан фойдаланиб турибмиз. Шундай бўлса-да ойлик қувватимиз 25-28 миллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш. Босқичма-босқич фаолиятимизни кенгайтириб борамиз. 

***

Булунғурда камбағалликни камайтириш бўйича қилинаётган ишларнинг асоси шулардан иборат. Бу ишлар кўп ўтмай ўз натижасини кўрсатади. Асосийси, ночор оилалар қайсидир даромад манбасига эга бўлади. Эплагани нафақат камбағалликдан чиқади, балки оиласи учун барқарор сармоя келтирадиган имкониятга эга бўлади, шу орқали доим рўзғорига барака киритади. Муҳими – шу.

Акрам ҲАЙДАРОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).