Касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида стипендия берилади, аммо ҳар кимга ҳам эмас
Бу гапга изоҳ вилоят Матбуот уйида вилоятда ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта ўқитиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида берилди.
Таъкидланганидек, вилоят бандлик бош бошқармасининг 2021 йил давомида касбга ўқитиш режаси 6036 та бўлиб, шундан январ-март ойларида 3635 нафар ишсиз фуқаро касб-ҳунар ўқитишга жалб этилди.
Вилоятда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида биттадан касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳамда 16 та туман ва шаҳарлардаги маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолият юритмоқда. Уларда 4 минг нафарга яқин банд бўлмаган аҳоли касб-ҳунар ўрганяпти.
- Касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида стипендия берилади, аммо ҳар кимга ҳам эмас, - дейди бошқарма бошлиғи Исроил Жабборов. - Ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, банд бўлмаган фуқаро “ишсиз” ёки “иш қидирувчи” шахс сифатида рўйхатга олинади. “Ишсиз” шахсларга стипендия тўланади, иш қидирувчи шахсларга эса тўланмайди.