Ишга жойлашишда қандай тўсиқлар бор: малаками ёки бўш иш ўринлар етишмаслигими?
2000 йилларнинг бошларида биринчи марта иш қидира бошлагандим. Синфдошларим билан бўш иш ўринлари ярмаркасига бориб, муносиб иш топишга ҳаракат қилдим. Катта стендда майда ҳарфларда босилган телефон рақамларини ёзиб олиб, муассасаларга қўнғироқ қила бошладим. Кетма-кет телефон рақамлар тераётиб, тобора ўзимга муносиб иш топиш имкониятим камлигини тушуна бошлаганман. Ўшандан бери 20 йил ўтди. Иш қидириш тизими ўзгарди, аммо айрим корхоналар томонидан тақдим этилган иш ўрни бўйича маълумотларнинг номигагина экани билан боғлиқ муаммо ҳали ҳам йўқ эмас.
Иш қидиришни нимадан бошлаш керак?
Иш қидираётганда биринчи масала бу – бўш иш ўринларини қаердан ва қандай топишдир. Олдин бўш иш ўринлари ярмарка ва бандликка кўмаклашиш марказлари орқали қидирилган бўлса, XXI асрга келиб буни онлайн тартибда амалга ошириш имконияти туғилди.
Бир неча йил аввал мамлакатимизда https://ish.mehnat.uz онлайн иш қидириш платформаси ишлаб чиқилди. Бу ерда ҳудуд ва соҳани танлаб, ўз мутахассислигингиз бўйича иш топишингиз мумкин. Электрон маълумотлар базасида вилоят бўйича 20 мингга яқин бўш иш ўринлари мавжуд, бироқ ягона камчилик шундаки, ҳар сафар қидирувни янгилаш ва ҳудудни фильтрлаш керак. Ушбу тизим орқали мен соғлиқни сақлаш соҳасини танлаб, ҳамшираликка иш қидиришга қарор қилдим.
Нега айнан ҳамшираликни танладим? Чунки, бу касбда ишламоқчи бўлганлар оз эмас, талаб юқори. Ҳатто одамлар ўртасида бу мутахассислик бўйича "шапкасиз" иш топишнинг деярли иложи йўқ, деган фикр шаклланган.
Журналист ўз касбини ўзгартирди
Сайтни очиб, ҳамширалик ишини қидира бошладим. Сайтда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан мингдан ортиқ бўш иш ўринлари, жумладан, 76 та ҳамшираликка бўш иш ўрни келтирилган. Бунда асосий иш берувчилар хусусий клиникалар бўлиб, озроқ давлатга қарашли иш берувчи ташкилотлар ҳам бор экан.
Биринчи эълон - ҳамшира керак бўлган ООО "TADJIYEVA ALLERGO-MEDICAL SERVICE" МЧЖга қўнғироқ қилиб, бўш иш ўринлари ҳақида маълумотга эга бўлмаган ходимга тушдим.
Кейинги қўнғироқлар ҳам бесамар кетди. Вилоят перинатал марказининг телефон рақами эса умуман жавоб бермади. Эндокринолог ҳамшира талаб қилинаётган Самарқанд шаҳридаги 10-сонли поликлиникада ҳам худди шундай ҳолат рўй берди.
Ўнлаб рақамларга қўнғироқ қилар эканман, бўш иш ўринлари шунчаки жойлаштирилган, деган хулосага келдим. Ташкилотларнинг бундай ҳаракатини қандай тушуниш мумкин? Эҳтимол, уларга бундай қилиш буюрилгандир, деган фикр ҳам уйғонди менда.
Аммо саъй-ҳаракатларим бесамар кетмади. Ниҳоят Самарқанд давлат тиббиёт университетининг кўп тармоқли ихтисослаштирилган болалар хирургияси клиникасида суҳбатга ёзилишга муваффақ бўлдим. Улар бир вақтнинг ўзида бир нечта эълонларни сайтга жойлаштирган экан.
Суҳбатга мендан ташқари тиббиёт коллежи битирувчиси, беш йилдан буён ўз мутахассислиги бўйича иш тополмаётган, шаҳар супермаркетларидан бирида кассир бўлиб ишлаётган Сурайё Холмуродова ҳам бор экан.
– Коллежни тамомлагач, дарҳол иш излай бошладим, лекин ҳар гал рад жавобини беришди, – дейди ўз касбида ишлаш орзусида юрган Сурайё. – Мен хусусий клиникалар, амалиёт ўтаган жойим - вилоят перинатал маркази, кўп тармоқли ихтисослаштирилган болалар жарроҳлик клиникасидан иш қидирдим.
Сабабини билгач, аксарият иш берувчилар ҳузурига иш излаб келганларга узил-кесил бўш иш ўринлари йўқлигини айтишади. Лекин суҳбат ўтказадиганлари ҳам бор. Ачинарлиси, "мутахассис"ларнинг аксарияти ўз мутахассислиги бўйича оддий саволларга ҳам жавоб бера олмайди.
Малаканинг пастлиги иш топишга халақит беради
Эртаси куни Сурайё билан Самарқанд давлат тиббиёт университети қошидаги вилоят болалар хирургияси клиникасига бордик. Кадрлар бўлими биз билан танишиб, бош ҳамшира қабулига – "интизор" кутилган суҳбатга юборди. Сурайёни суҳбатга таклиф қилишди. Аммо афсуски, қиз у ердан хафа бўлиб чиқди.
"Мен оддий саволларга жавоб бера олмадим, менга бешта савол беришди, фақат биттасига жавоб бердим. Ишга қабул қилинмаганимга ўзим айбдорман. Балки ҳозирги ишимни ташлаб, кейинги суҳбатга яхшилаб тайёрланишим керакдир", деди қиз ранжиб.
– Тажриба ва малаканинг етишмаслиги у қадар даҳшатли эмас, энг ачинарлиси, ўз мутахассислигини яхши билмаслик, – дейди Республика тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази Самарқанд филиали директори Х.Эгамов. – Бизга кўпинча ишга тайёр бўлмаган, ҳатто бошланғич билимга эга бўлмаган ҳамширалар малака ошириш учун келишади. Табиийки, шунинг учун ҳам уларни ишга олиш рад этилади. Иш берувчилар эса малакали мутахассисларга муҳтож, мен ишонаманки, ўз касбини астойдил ўрганган, малакали ҳамшира ҳар доим ўзига иш топа олади.
Сўровнома натижалари: бўш иш ўринлари билан боғлиқ муаммо ҳали ҳам мавжуд
Бир неча кун аввал https://t.me/zarnews_uz/65522 телеграм канали орқали вилоятимиз аҳолиси қандай қилиб иш топгани борасидаги фикрларини ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказилганди.
Унда икки мингга яқин киши қатнашди. Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 62 фоизи “классик услуб” (таниш-билиш орқали) иш топиш энг осон йўли деб жавоб беришган. Камроқ аҳоли (12 фоиз) самарали усул сифатида - меҳнат биржаси орқали иш топиш мумкин деган жавобни белгилашган. Мени сўровнома остида фойдаланувчилар қолдирган шарҳлар ҳайратга солди. Шарҳларга кўра, кўпчилик иш топишни "пул ва танишлар" ҳисобига тезроқ ва самаралироқ, деб ҳисоблашади.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бўш иш ўринлари йўқлигини тасдиқлади
Ҳамшира сифатида иш топиш аслида осон эмас. Тиббиёт коллежлари ва техникумларни ҳар йили 7 минг нафардан ортиқ битирувчи тамомлайди. Вилоятда 7 та бундай ўқув муассасалари бор. Иш берувчи ва битирувчи ўртасида ишга жойлаштириш бўйича шартномалар тузиш тизими йўлга қўйилган, аммо бу баъзан қоғозда қолмоқда. Аслида иш топишда жуда катта муаммолар мавжуд.
Бу фактни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Зайниев ҳам тасдиқлади:
- Ҳар бир тиббиёт муассасасида ҳамширалар учун таътиллар мустақил шакллантирилади. Бугунги кунга қадар 4600 дан ортиқ ҳамшира мавжуд бўлиб, уларнинг 200 нафарга яқини ҳар йили иш билан таъминланган. Қолганлари ўз навбатини кутишмоқда. Иш билан таъминлашга тайёргарлик даражаси пастлиги, амалий кўникмалар камлиги иш билан таъминланишга тўсқинлик қилмоқда. Муносиб иш топиш учун эса, албатта, ҳар сафар рақобатбардошлик ва ўз малакасини доимий ошириб бориш талаб этилади.
Биз юқорида келтирган мисол ягона эмас. Коллежни тугатган Сурайё каби кўплаб йигит-қизлар иш топа олмай сарсон. Иш билан таъминлаш масаласи эса муаммолигича қолмоқда.
Ҳозирда ҳикоямиз қаҳрамони Сурайё Холмуродова республика соғломлаштириш маркази филиали курсларида малака оширмоқда.
Яхши тайёргарлик ва касб маҳоратини ошириши унга орзусини амалга оширишда ёрдам беради, деган умиддамиз.
Замира Болтаева.