Каттақўрғон шаҳрида тадбиркорларга бош пудратчиликни олиб беришни ваъда қилган собиқ раис фош этилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда фуқаро Б.М. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг Каттақўрғон шаҳар жамияти раиси вазифасини бажарувчи бўлган даврида қурилиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларнинг ишончига кириб, уларга ижтимоий объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича бош пудратчиликни олиб беришни ваъда қилган.

Шу тарзда “Б. К” МЧЖ раҳбарининг 9 000 АҚШ долларини, “У.Б” МЧЖ раҳбарининг 6 100 АҚШ долларини ва “Д.И” МЧЖ раҳбарининг 3 000 АҚШ долларини қўлга киритганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.