Каттақўрғон шаҳрида уруш йилларида 13 болани бағрига олган Ҳамид Самадов жасорати акс эттирилган монумент очилди
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда шаҳар ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, матонатли ва бағрикенг инсон Ҳамид Самадовнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳаёти ҳақида сўз юритди.
- Президентимиз 2021 йил 24 сентябрда самарқандлик сайловчилар билан ўтказган учрашувида Иккинчи жаҳон уруши йилларида жангларда қаҳрамонлик кўрсатиб, ногирон бўлиб қайтган Ҳамид Самадов ва унинг умр йўлдоши Санобар Самадованинг турли миллатга мансуб 13 нафар етим болани олиб, вояга етказганини ёдга олган эди, - дейди Г.Алимова. - Шунда Президент "Бундай инсонларга ҳайкал қўйиш керак!", деган гапларни айтган ва бу бўйича зарур топшириқлар берганди.
Ҳамид Самадов Иккинчи жаҳон уруши йилларида икки марта қаҳрамонлик кўрсатган. Биринчиси - Сталинград ва Украина жанг майдонларида бўлса, иккинчиси - фуқаролик бурчини адо этишда. Ҳамид ака 1944 йилда урушдан уйига оғир жароҳат билан қайтиб, 13 нафар қаровсиз қолган болаларни асраб олиб, уларга ғамхўрлик қилган.
Ҳамид Самадов жасоратига, одамийлик ҳислатларига ҳамоҳанг тарзда барпо этилган ушбу ёдгорлик мажмуаси инсонийликнинг юксак намунасига қўйилган монумент бўлди, дейиш мумкин.
Ҳилола Эргашева.