Каттақўрғон тумани ҳокими Ёдгорага автомобиль беришини ваъда қилди

Каттақўрғон туманида яшовчи Ёдгора Мирзаева 2016 йил Бразилияда бўлиб ўтган Олимпиадада спортнинг бокс тури бўйича ўзбекистонлик хотин-қизлар орасида биринчи иштирокчи бўлган эди.

Туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов Ё.Мирзаеванинг онаси Вазира Нурмуродова ва устози Ойбек Тожиевлар билан учрашди.

Туман ҳокими А.Баҳромов Ёдгоранинг вилоятда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, бокс спорт турини янада ривожлантиришдаги муносиб ҳиссаси ҳамда 2019 йил 14-24 апрель кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритгани учун унинг онасига вилоят ҳокимининг ташаккурномасини топширди.

Ҳоким Ё.Мирзаевага 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадада муваффақиятли иштирок этиши учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш ҳамда Олимпиада бўладиган кейинги йилнинг август ойигача ҳар ой уч миллион сўмдан рағбатлантириб боришини таъкидлаб, олдиндан 3 ойлик 9 миллион сўм маблағни ҳам топширди. Олимпиадада чемпион бўлиб қайтса, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган исталган енгил автомобильни совға қилишини таъкидлади.

Ёдгора Мирзаеванинг ушбу нуфузли мусобақада ғолиб бўлиб, юртимиз байроғини баланд кўтаришига умид қиламиз.

Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.