Каттақўрғонда эр ўғлини кўрсатмаганлиги сабабли хотинини ўлдирди
2020 йил 20 февраль куни Каттақўрғон туманида яшовчи К.Ҳ. ўзаро оилавий келишмовчилик туфайли Каттақўрғон шаҳрида, отасининг уйида яшаб келаётган турмуш ўртоғи Б.М.нинг олдига маст ҳолатда бориб, ўғлини кўрсатмаганлиги сабабли ўзаро жанжаллашган.
Жанжал давомида К.Ҳ. ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан турмуш ўртоғи Б.М.нинг кўкрак, елка ва қорин соҳаларига жароҳат етказган вақтида, жанжал овозини эшитиб, уларни ажратиш учун келган қайнотаси И.М.ни ҳам пичоқ билан кўкрак, қорин ва елка соҳаларига жароҳат етказган пайтида И.М.нинг қўшнилари воқеа жойига келганларини кўриб, ўзининг жиноий ҳаракатларини охирига етказа олмасдан воқеа жойидан қочиб кетган.
Б.М. ва И.М. шифохонага олиб борилиб, уларга тиббий ёрдам кўрсатилганлигига қарамасдан, Б.М. олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Прокуратура ходимлари ва тергов-тезкор гуруҳ томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, қонга ўхшаш доғлари билан ифлосланган пичоқ ва жанжал вақтида уларнинг эгнида бўлган кийимлар ҳамда бошқа ашёвий далиллар олинган.
Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан шу куни ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “ж” банди билан жиноят иши кўзғатилиб, К.Ҳ. ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланиб, ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланган ҳолда яқин қариндошларига хабар берилган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.