Каттақўрғонда кесилган 9 туп чинор 274 миллион сўмга тушди
Каттақўрғон тумани Мелихўжа маҳалласида яшовчи фуқаро У.З. томонидан 2019 йилнинг декабрь ойида ҳеч бир тегишли рухсатларсиз, Равот қишлоғида жойлашган “Гранд транс” муқобил машина-трактор парки ҳисобида бўлган, дала шийпони атрофида жойлашган 9 туп чинорни кесган.
Бу ҳолат Каттақўрғон тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси давлат инспекторлари томонидан 2020 йил 30 январь кунида аниқланган ва қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур иш бўйича туман суди томонидан жиноий иш қўзғатилган ва 2020 йилнинг 22 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани судининг очиқ сайёр судида кўриб чиқилди. Айбланувчи У.З. жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан, 2 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди ва жазони ўз яшаш жойида ўташи белгиланди.
Шунингдек, 10 ой муддатда, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳисобига табиатга етказилган 274 миллион 290 минг сўм моддий зарар ундирилиши белгиланди.
Айни пайтда, туман мажбурий ижро бўлими ҳамкорлигида моддий зарарни ундириш ишлари амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.