Каттақўрғонда мактаб ходимларининг 30 миллион сўм ҳисобланмай қолган иш ҳақи ундириб берилди

Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон туман бўлими томонидан туман ХТБдан турли мактабларда фаолият юритаётган хўжалик ишлари бўйича мудир ва лаборант каби вазифаларда ишлайдиган 10 нафар ходимнинг 30,8 миллион сўмлик иш ҳақи ундириб берилган.

Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судида қарздор туман ХТБга нисбатан ҳисобланмасдан қолинган ва тўлаб берилмаган иш ҳақини ундириш юзасидан даъво аризаси кўриб чиқилган. Суд халқ таълими ходимларининг манфаатини ҳимоя қилиб, ўз вақтида тўланмаган 30,8 миллион сўмлик ҳисобланмасдан қолинган иш ҳақини тўланиши ҳақида қарор чиқарган.

Бюронинг Каттақўрғон тумани бўлими давлат ижрочиси Тоҳир Рустамовга кўра, мазкур ижро ҳужжатлари бюронинг туман бўлимига келиб тушган ва белгиланган тартибда ижро иши қўзғатилган. Қонуннинг 30-моддасига асосан уч ойдан ошмаган иш ҳақини ундириш тўғрисидаги талаблар дарҳол ижро қилинишини инобатга олиб, шу куннинг ўзида қарздор ташкилотга талабнома берилган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида 10 нафар ходимнинг 30,8 миллион сўмлик ҳисобланмасдан қолинган иш ҳақи тўлиқ ундириб берилган.