Каттақўрғонлик 1824 нафар ишсиз ёшга 364 гектар ер ажратилган

Бу қандай самара беряпти?

Каттақўрғон туманида ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида кўрилаётган чоралардан бири деҳқончилик қилиш учун ер ажратилаётганидир. 2022 йилда 1644 нафар ёшга E-auksion дастури орқали 329 гектар ер ажратилди. Шу пайтгача ишсизлик муаммоси қийнаб келаётган ёшлар бу ер майдонларидан унумли фойданиб, рўзғорига даромад келтиряпти.

- Ёшларимиз деҳқончилик қилишда қийинчиликларга дуч келмасликлари учун туманимизнинг 1-, 2- ва 3-сектор ҳудудларининг қулай жойларидан ер майдонлари ажратилди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбари Лазизбек Абдуқаҳҳоров. – 2023 йилда 200 нафарга яқин ёшлар ўзлари учун ажратилган 35 гектар ердан унумли фойдаланяпти. 1-сектор ҳудуди асосан қулупнайчиликка ихтисослашган бўлиб, эрта баҳордан кеч кузгача кўнгилдагидек ҳосил олиняпти.

- Менга 20 сотих ер ажратилган, - дейди Таворон маҳалласида яшовчи Шаҳзод Раҳмонов. – 10 сотихига қулупнай, қолганига сабзавот маҳсулотлари экиб, яхши даромад топяпман. Биргина қулупнайнинг баҳорги ҳосилидан 12 миллион сўм фойда кўрдим. Оз бўлса ҳам ҳалигача ҳосил оляпмиз. Харидорлар шу ернинг ўзидан килосини 40 минг сўмдан сотиб олиб кетяпти. Қиров тушганча ҳосил оламиз.

Жонкел маҳалласида яшовчи Маъмуржон Шодиқуловни 10 йилдан бери ишсизлик муаммоси қийнар эди.

2013 йилда касб-ҳунар коллежини тугатганман, - дейди у. – Шундан бери муқим бир ишга жойлашолмай юргандим. Бу орада бир неча бор хорижий давлатларга бориб ҳам ишлаб келишга тўғри келди, аммо осон бўлмади. Ўтган йили турмуш ўртоғим билан бирга "Ёшлар дафтари"га киритилдик. Маҳалла фаоллари маслаҳати билан аукционда иштирок этиб, ғолиб бўлдик. Иккимизга 40 сотих ер ажратилди. Бу ерда қулупнайчилик билан шуғулланишга қарор қилдик. Биринчи ҳосилдан 40 миллион сўм даромад қилдик.

Ёшлар қулупнай етиштирилаётган майдонлардан кеч куз ва қиш ойларида ҳам даромад олишга ҳаракат қиляпти. Яъни, ўтқазилган қулупнай кўчатлари ораларида саримсоқ пиёз, исмалоқ каби турли кўкатлар уруғларини қадаб, яхшигина ҳосил оляпти.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).