“Келажак лидерлари”: Самарқандда синовдан ўтган мазкур клуб барча вилоятда ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали қошида давлат хизмати учун янги авлод кадрларини шакллантириш мақсадида тажриба-синов тариқасида “Келажак лидерлари” клуби ташкил этилган эди. Клуб фаолияти кутилган натижани бергач, барча вилоятларда клублар ташкил этилди.

Ундан кўзланган асосий мақсад давлат хизмати учун янги авлод кадрларини шакллантириш, ёшларни, айниқса, ёш хотин-қизларни давлат хизматига кенг жалб қилиш, давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш ҳамда ёш истиқболли кадрлардан раҳбарлик лавозимларига захира шакллантиришдан иборат.

Клубни ташкил этиш давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 25 декабрда ўтказилган Ёшлар форумидаги нутқи, Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда жорий йил дастурида қайд этилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадига қаратилган. Ушбу ёшлар ўз фаолиятлари давомида жамият тараққиётига ғов бўлаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар билан ўз фуқаролик позициясини намоён қилган ҳолда ишлаб, уларни имкон қадар ечимини топишга ҳаракат қилишлари керак.

Самарқанд вилоят “Келажак лидерлари” клуби аъзоларидан бир гуруҳи Самарқанд вилоят судига таклиф этилди. Вилоят суди раҳбариятининг асосий мақсади, “Келажак лидерлари” клуби аъзоларини вилоят суди жамоаси, бу ердаги шарт-шароитлар, судьялар ва суд ходимлари фаолияти билан таништиришдан иборат.

Клуб аъзоларини вилоят суди судьялари Б. Алиқулов, Б. Жумабоев, Ҳ. Келдиярова, вилоят суди ёшлар етакчиси Н. Ҳамроев ва бир гуруҳ суд ходимлари кутиб олишди. Аввало, умумий танишув ва қисқа суҳбатдан сўнг, тадбир вилоят суди кичик анжуманлар залида давом этди. Бу ерда вилоят суди судьялари Б. Жумабоев, Ҳ. Келдиярова ушбу тадбирдан кўзланган мақсад, суд тизимидаги сўнгги ўзгаришлар, шунингдек, вилоят суди фаолияти ва тузилмаси ҳақида тушунча беришди. Суд соҳасининг фидоийлари бўлган устозларнинг ибратли ҳаёт йўли мисоллар билан эътироф этилди.
“Келажак лидерлари”нинг ўзлари танлаган уч нафар вакили вилоят суди раиси қабулида бўлишди. Олим Ҳайитов меҳмонларга ташриф учун миннатдорчилик билдириб, вилоят суди фаолияти ҳақида тушунча берди.

Клуб фаолияти билан таниш эканлигини, матбуот орқали кузатиб боришини билдириб, вилоят суди ҳамкорликка доим тайёр эканлигини таъкидлади. Клуб аъзолари ҳам тадбир ҳамда қабул учун раҳмат айтишди.

Шундан сўнг, меҳмонлар кичик гуруҳларга бўлиниб, вилоят суди судьяларининг иш кабинетларига киришди, бевосита иш фаолияти билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларни беришди. Судьялар ёшларнинг саволларига батафсил жавоб берар экан, суд-ҳуқуқ соҳасида ишлаш катта шараф эканлиги билан бирга, улкан масъулият талаб қилишини, бунинг учун кучли билим, касбга садоқат, фидоийлик ва тинимсиз ўз устида ишлаш лозимлигини билдиришди. Юридик техникумни аъло баҳоларга тугатган талабалар бевосита суд тизимларида суд ходими сифатида ишлашлари мумкинлиги маълум қилинди. Ўқишни олий ўқув юртларида давом эттириб, бакалавр, магистр даражаларига эришган талабалар келажакда тегишли босқичлардан муваффақиятли ўтгач, судья лавозимларига лозим кўрилиши мумкинлиги таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари катта ва кичик йиғилиш заллари, кутубхона, бўлимлар ва суд залларини томоша қилишди. Аппеляция очиқ суд мажлисида иштирок этишди.

Тадбир давомида судьялар ва клуб аъзолари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Вилоят суди раиси ўринбосари, Зафар Аллабаев, вилоят суди судьялари Баҳодир Алиқулов, Бекзод Жумабоев, Жасур Юсупов ва Назира Рахманова ўз ихтисослашувидан келиб, жиноий, фуқаролик ва иқтисодий ишлар кўрилиши тартиблари ҳақида гапириб беришди. “Келажак лидерлари” клуби президенти Шероз Абдувалиев клуб фаолияти ҳақида тушунча бериб, клуб аъзолари билан таништирди.

Давра суҳбати жуда қизиқарли бўлди. Клуб аъзолари фаол иштирок этиб, бир-биридан қизиқарли саволлар беришди. Фикр-мулоҳазалар билдиришди. Саволларга батафсил тушунча берилди.

Самарқанд вилоят суди Жамоатчилик ва
ОАВ билан алоқалар бўлими.