“Келажак лидерлари”га қандай имкониятлар бор?
Самарқанд вилоятида тажриба-синов тариқасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳудудий филиаллари қошида 20-35 ёшли олий таълим муассасалари талабалари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритиб келаётган ёш давлат фуқаролик хизматчилари учун “Келажак лидерлари” клуби фаолияти ташкил этилган эди.
Мазкур клубни ташкил этишдан кўзланган мақсад давлат хизмати учун янги авлод кадрларини шакллантириш, ёшларни, айниқса, ёш хотин-қизларни давлат хизматига кенг жалб этиш, давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш ҳамда ёш истиқболли кадрлардан раҳбарлик лавозимларига захира шакллантиришдан иборат. Ҳозирги кунга қадар “Келажак лидерлари” дастури доирасида 100 нафар давлат ташкилотлари ёш кадрларининг малакаси оширилган бўлса, “Келажак лидерлари” клуби ҳудудий филиалларида 750 нафар давлат хизматчилари ҳамда ОТМ битирувчиларининг доимий малакаси оширилиб келинмоқда.
Шунингдек, “Келажак лидерлари” клуби фаолияти КPI тизими асосида йўлга қўйилган бўлиб, унга кўра, ҳар бир клуб аъзоси белгиланган мезонлар асосида баллар йиғиб бориши, уларни касбий имтиёзлар учун қўллаши мумкин.
Жорий йилнинг 22 февраль куни Тошкент иқтисодиёт университети Самарқанд филиалининг талаба-ёшлари учун Давлат фуқаролик хизматчиларининг ягона очиқ портали (vacancy.argos.uz)”, “Давлат органлари ва ташкилотларига ишга кириш механизмларининг тахлили: илғор хорижий тажриба ва Ўзбекистондаги амалиёт”, “Давлат хизмати – Туркия – Ўзбекистон тажрибаси. Илмий фаолият: имкониятлар, муаммолар”, “Келажак лидерлари клуби фаолияти” мавзуларида тренинг машғулоти ташкиллаштирилди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали вакиллари, иктисод фанлари буйича фалсафа доктори PhD, Тошкент иқтисодиёт университети Самарқанд филиали ўқитувчилари, “Келажак лидерлари” клуби аъзолари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Раъно Умарова, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Самарқанд вилояти филиали бош инспектори.