Ким ҳақ: банкми ёки фуқаро?

Телеграм каналимизда “Миллий банк” фуқароларнинг пластикдаги пулини ечиб олиши мумкинми?» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди. “Ўзмиллийбанк" акциядорлик жамияти матбуот хизмати мақолада кўтарилган муаммо юзасидан муносабат билдирди.

Унда шундай дейилади:

 “Ўзмиллийбанк” АЖ Самарқанд филиали томонидан Эрназарова Хуршида Эргашевнага имтиёзли шартларда ипотека кредити ажратилган.

Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 2 июлда рўйхатдан ўтказилган 3030-сонли “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги Низомга асосан, банк кредити бўйича қарздорликни ундиришни кредит шартномасида ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва асосларда амалга ошириши белгилаб қўйилган.

Кредит шартномаси шартларига кўра, қарз олувчи кредитни ҳар ойнинг 5-санасидан кечиктирмай, ойлик тўловларни амалга ошириши белгиланган.

Бундан ташқари, мижоз томонидан имзоланган кредит шартнома шартларига кўра, банк муддати ўтган қарз ва фоизларни қарз олувчининг ҳар қандай ҳисобварақларидан ечиб олиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

Кредит тўловлари қарз олувчи томонидан ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли, банк томонидан маблағлар автоматик равишда мижознинг тегишли ҳисобрақамларидан ундириб олинган. 

Юқоридагиларни инобатга олиб, муддати ўтган кредит қарздорлиги қарз олувчи билан банк ўртасида тузилган кредит шартноманинг тегишли бандларига кўра, амалдаги тартибларга асосан, мижознинг ҳисобрақамидан автоматик равишда тўғридан-тўғри ечиб олинганлигини ҳамда келгусида салбий кредит тарихининг олдини олиш мақсадида қарздорликларни ўз вақтида тўлаб бориш зарурлиги тўғрисида эслатиб ўтамиз.

***

P/s: Ушбу муносабатдан кўриниб турибдики, банк ва кредит олувчи билан тузилган шартномани “Миллий банк” масъуллари яхши ўқимаган, шекилли. Шартномада қарз олувчи кредит бўйича навбатдаги ойлик тўловни 20 (ўттиз) (шартномада шундай ёзилган!) календарь кунидан ортиқ муддатга кечиктирганда фоизларни муддатидан олдин қайтаришни ёзма равишда талаб қилиш йўли билан, ушбу шартнома бўйича мажбуриятлар муддатидан олдин тўлиқ бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги айтилган. 

Хуршида Эрназарованинг пластик карталаридан пуллар 5 декабрь куни соат 21:59 да ечиб олинган. Муносабатда айтилганидек, ойнинг 5-санасидан ҳали бир кун ҳам ўтмасдан, шунингдек, ёзма огоҳлантирилмасдан қарз олувчининг пластик карталаридан пуллар олинган. 

Шунинг учун ҳам муносабатда қарз олувчи кредитни неча кунга кечиктиргани кўрсатилмаган. Ҳақиқатда кредит тўлов кечикканида айтиларди, аммо ҳали бир кун ҳам кечикишга улгурмаган қарздорлик учун пластикдан фуқаронинг розилигисиз пуллар ечиб олинган. 

Бундан ташқари, шартноманинг 8.4.4. бандида: Ушбу шартнома бўйича тўлов кечиккан ҳолларда амалдаги меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартибда Қарз олувчининг Кредиторда ва бошқа банкларда юритилаётган ҳисобварақаларидан пул маблағларини чиқариб олиш йўли билан Қарз олувчининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш кўрсатилган.

Амалдаги меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартибда иш юритиладиган бўлса, фуқаро банкка ёзма равишда розилик билдирганидан сўнг, унинг ҳисобварақларидан пул маблағлари олиниши мумкин. Шунда ҳам шартномада келтирилган муддат ўтган бўлса. 

Яна бир гап. Банк томонидан маблағлар автоматик равишда мижознинг тегишли ҳисобрақамларидан ундириб олиш йўлга қўйилган бўлса, нега автоматик равишда мижозни олдиндан огоҳлантириш йўлга қўйилмаяпти? Аслида мурожаатчи шуни назарда тутган, аммо банкнинг муносабатида бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. 

Мақсад – фуқаролар мурожаатини силлиққина ёпиш эмас, ўша муаммони ҳал қилиш йўлларига ечим излаш керак. Хўш, бундан кейин банклар кредит қарздорлик учун мижозларни олдиндан огоҳлантирадими? Бизда қачон фуқароларга хизмат кўрсатиш жаҳон стандартларига мос равишда амалга оширилади?