Кимлар вакцина олмаслиги мумкинлигига аниқлик киритилди

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган бирламчи тиббий-санитария муассасаларида 18 ва ундан юқори ёшдаги аҳолини СОVID-19га қарши эмлаш тартибларига кўра, эмлашга қарши вақтинчалик ёки доимий тиббий чекловлар даволаш-профилактика муассасалари раҳбарияти томонидан тасдиқланган махсус комиссия томонидан белгиланади.

Комиссия томонидан тақдим қилинадиган тиббий чеклов тўғрисида маълумотномада қуйидагилар акс этади:

❗️Вақтинчалик қарши кўрсатмалар:

📌Коронавирус касаллигининг ўткир шакли бўлган беморлар;

📌лабораторияда СОVID-19 мусбат натижа берган, бироқ клиник белгилар бўлмаган шахслар;

📌коронавирус касаллиги билан касалланган беморлар билан мулоқотда бўлганлар карантин муддати тугаганидан кейин эмланади.

❗️Эмлашга узоқ муддатли ва доимий монеликлар:

📌анамнезида оғир аллергик реакциялари (анафилактик шок) бўлган шахслар (тасдиқловчи тиббий ҳужжат бўлганда);

📌ҳомиладор ва эмизикли аёллар (вакцинанинг ушбу контингентга хавфсизлиги тўғрисида маълумот етарли эмаслиги сабабли);

📌18 ёшгача бўлган болалар;

📌анамнезида туғма ёки орттирилган иммунотанқислик ҳолати, ОИВ инфекцияси бўлган беморлар;

📌вакцинанинг компонентларига юқори сезгирлиги бўлган шахслар.

СОVID-19 вакцинациясига қарши кўрсатмалар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг оилавий шифокори томонидан аниқланади ва чеклов тўғрисида хулоса бериш мақсадида махсус комиссияга юборилади. Вақтинчалик ёки доимий тиббий чекловлар фақат даволаш-профилактика муассасалари раҳбарияти томонидан тасдиқланган махсус комиссия томонидан белгиланади.

Коронавирус инфекциясининг ўткир шакли симптомлари бўлган беморлар, шунингдек, лабораторияда СОVID-19га мусбат натижа берган, бироқ клиник белгилари кузатилмаётган (симптомсиз) шахслар ва коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар, карантин муддати тугаганидан сўнг эмланади.

ЖССТнинг тавсияларига асосланган холда СОVID-19 касаллигидан соғайган ва реабилитация даврини ўтказган шахс шифокор рухсати билан 3-6 ойдан сўнг эмланиши мумкин.