Коинот синоатлари: Ойдаги сирлар
Тунги ёриткичимизда сирли ҳодисалар содир бўлмоқда. Ҳинд аппаратининг ҳалокатга учраган жойи тадқиқ қилинганда, унинг синиқлари қаергадир ғойиб бўлгани аниқланди, деб ёзади «Мир новостей» (2019 йил 41-сон) ҳафтаномаси.
Ой ўзга сайёраликлар ҳаёт шакли учун улкан тузоқ бўлиши мумкин. Гарвардлик астрофизик, профессор Абрахам Лобе Ой миллиард йиллар давомида ўз сатҳида юлдузлараро объектларни йиғиб келаётганини таъкидлайди. Лобе Dcientific American нашридаги ўз мақоласида Ойни Қуёш системасида учиб юрган объектлар учун «почта қутиси» деб атади.
Ойда бошқа сайёралардан нафақат микротошга айланган, балки ўзида ўзга сайёраликлар цивилизацияси изини олиб келган ҳаёт шакллари бўлиши мумкин. Профессор Лобе Ойда Коинотнинг олис қаъридан учиб келган космик аппаратлар қулаб тушган бўлиши мумкинлигини инкор этмайди. У ой юзасига эҳтимол миллиард йил аввал урилиб парчаланиб кетган технологик ускуналарнинг изларини қидиришни таклиф қилади. «Бу инсониятни коинотга йўллаган «Биз мавжудмиз» деган хабарномасига тенг топилма бўларди» деб ёзади Лобе. Шу боис ушбу «почта қутиси»ни синчиклаб текшириш зарурати пайдо бўлмоқда. Бунинг устига Ойда атмосферанинг йўқлиги унинг сатҳига келиб тушган объектлар ёниб кетмаслигига имкон беради. Олимлар Ойни тадқиқ қилиш ёрдамида ўзга сайёралар ҳаёти Ер таркибига ўхшаш-ўхшамаслиги ҳақидаги саволга жавоб топишмоқчи. Ерда 3 миллиард йил аввал мавжуд бўлган ҳужайралар изи топиляпти. Бундай қазилма гувоҳлар Ойда ҳам аниқланиши мумкин. Ҳозирда бутун бир гуруҳ мамлакатлар Ойга ўз станцияларини жўнатишга уринаётганига ажабланмаса ҳам бўлади. Ойда доимий тадқиқот олиб борадиган базанинг пайдо бўлиши, албатта, ўзга сайёраликлар цивилизациясининг мавжудлигига гувоҳ бўладиган топилмани аниқлашига шубҳа йўқ, дейди астрофизик.
Америкалик физик Жеймс Бенфорднинг қатор тадқиқотлари НАСА томонидан қўллаб-қувватланиб келади. Унинг фикрича, Ердан ташқари цивилизация изларини Ернинг доимий йўлдошига айланган ғалати объектлардан қидириш керак экан. Улардан бири унча катта бўлмаган астероидга ўхшайди, сайёрамиз атрофида сиртмоқ ҳосил қилиб айланади. Аммо ҳеч қачон ундан узоқлашмайди. Бу объект 2016 НОЗ деб белгиланган. У сайёрамиз билан бирга Қуёш атрофида гўё рақсга тушади. Ундан туриб Ерни яширин кузатиш ғоят қулай усул, дейди Бенфорд.
Т.МУРОД тайёрлади.