Коронавирус: Бугунгача дунёдаги вазият
Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси берган маълумотга кўра, мамлакат ичида бугунги кунга қадар 80754 нафар (9 март ҳолатига – 80699 киши) касалга чалинганлар қайд этилган. Сўнгги бир ярим суткада ХХР ҳудудида 55 нафар янги касалланганлар аниқланган. SCMP (South China Moring Post) нашрининг ҳисоботида қайд этилишича, коронавирус билан касалланганлар сони дунё бўйлаб 113358 га етган (9 март ҳолатига – 110034).
Жами: 4009 нафар инсон ҳалок бўлган (9 март ҳолатига - 3656) (SCMP томонидан тақдим этилаётган онлайн-маълумот).
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) берган сўнгги маълумотга кўра, Хитой ҳудудидан ташқарида бугунги кунга қадар 28673 нафар касалланган аниқланган. Сўнгги суткада 3948 нафар фуқаро ушбу вирус билан касалланган. Коронавирус билан касалланиш ҳолатлари 104 (9 март ҳолатига 101 мамлакатда) мамлакатда қайд этилган. Хитой ҳудудидан ташқарида 686 нафар одам касаллик оқибатида вафот этган (9 март ҳолатига кўра, 400 дан ортиқ).
Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони дунё бўйлаб 60660 дан ошиб кетди.
Коронавирус тарқалиши оқибатида Италияда фавқулодда чора-тадбирлар амалга оширилди. Барча турдаги оммавий тадбирлар тақиқланди, мактаб ва олий таълим муассасалари ёпилиши кутилмоқда, савдо марказлари дам олиш кунлари фаолият кўрсатмайди.
АҚШ Президенти Дональ Трамп ўз хоҳиши билан карантинга кетган икки нафар вакиллар палатаси аъзоси билан учрашганидан сўнг коронавирус текширувидан ўтмаганлиги маълум қилинди. Мамлакат раҳбарида касаллик аломатлари кузатилмаяпти, хабар берди АҚШ маъмурияти.
Мўғулистонда дастлабки касалланиш ҳолати аниқланди. Касалланган шахс у ерга Франциядан Москва орқали борганлиги айтилмоқда.
Эронда коронавирусдан ҳимояланиш учун саноат алкоголини ичиш оқибатида етти киши вафот этди. Яна тўрт киши метанол истеъмол қилганидан сўнг кўз нуридан ажради.
Исроил, мамлакат ҳудудига кирганлар учун карантин жорий этиши мумкин. Айни вақтда у ерда Хитой, Сингапур, Таиланд, Япония, Гонконг, Макао, Жанубий Корея, Италия, Испания, Германия, Франция, Швейцария ва Австриядан келганлар учун мажбурий ўзини ўзи карантинга қўйиш амалиёти татбиқ этилган.