Коронавирус: Бугунгача дунёдаги вазият

Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси берган маълумотга кўра, мамлакат ичида бугунги кунга қадар 80151 нафар (2 март ҳолатига – 80026  киши) касалга чалинганлар қайд этилган. SCMP (South China Moring Post) нашрининг ҳисоботида қайд этилишича, коронавирус билан касалланганлар сони дунё бўйлаб 90,8 мингдан ошиб кетган (2 март ҳолатига – 89 мингдан ортиқ).

3116 нафар инсон ҳалок бўлган (SCMP томонидан тақдим этилаётган онлайн-маълумот).

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) берган сўнгги маълумотга кўра, Хитой ҳудудидан ташқарида 8 мингдан ортиқ (2 март ҳолатига - 7 мингдан ортиқ) касалланганлар аниқланган. Коронавирус билан касалланиш ҳолатлари 64 мамлакатда қайд этилган. Хитой ҳудудидан ташқарида 128 нафар одам касаллик оқибатида вафот этган.

Россия Федерацияси Санкт-Петербург вакциналар “ФМБА” илмий текширув институтида янги турдаги коронавирусга қарши вакцина яратилиши 2020 йилнинг учинчи чорагида режалаштирилаётганлиги ҳақида хабар берилди. Эслатиб ўтамиз, бир неча кун илгари Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикова беш турдаги вакцина намунаси ишлаб чиқилганлиги тўғрисида хабар берган эди.

АҚШда коронавирус қурбонлари 6 нафарга етди. Сўнгги тўрт нафар ўлим ҳолати Сиэтлда жойлашган қариялар уйи билан боғлиқ.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс коронавирус юқтирган беморлар учун янги турдаги дори воситалари ёз ёки куз ойларининг бошида тайёр бўлишини маълум қилди.

Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Ин коронавирусга қарши туну кун кураш олиб борилаётганини таъкидлади. Кейинги 24 соат ичида Жанубий Кореяда 600 нафар янги касалланганлар қайд этилди.