Коррупцияга қарши курашда энди қаттиққўл бўлиш лозим. Ҳеч ким кечирилмайди
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов:
- Коррупцияга қарши курашда раҳбарнинг роли катта. Чунки у ўз соҳасида халқ нима фикрда эканини билиб бориши керак. Ўз соҳаси ва жамоасидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш чорасини кўрсин. Олий таълим муассасаси, соғлиқни сақлаш, бошқа ташкилот раҳбарлари халқ билан мулоқот қилиш йўлини қидирсин.
Агар порахўрлик бўйича битта воқеа содир бўлса, уни бутун элга айтиш ва бу ҳолатга нисбатан нафрат уйғотиш зарур.
Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов:
- Сенатор, депутат коррупцияга қарши курашда ҳаммага ибрат бўлиши керак. Қайсидир раҳбарда лоқайдлик сезилиши мумкин, аммо депутат бу масалада ҳушёр бўлиши шарт. Депутат коррупцияга қарши курашда фаол бўлиш баробарида бу ишга аҳолини, жамоатчиликни жалб этиши лозим.
Эслатиб ўтамиз: бугун Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтмоқда.