Корхонадаги ҳамма ходимлар билан ҳам муддатли меҳнат шартномаси тузиб бўлмайди
Чунки Меҳнат кодексининг 76-моддасига асосан иш берувчининг муддатли меҳнат шартномаси тузиш ҳуқуқи чекланган.
Мазкур моддага мувофиқ, муддатли меҳнат шартномалари:
➖бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда;
➖корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан;
➖қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тузилиши мумкин.
Бу вазиятда муддатли меҳнат шартномаси тузиш юқоридаги модданинг биринчи қоидасига тўғри келгандагина тузилиши мумкин. Лекин, корхонадаги барча ходимларнинг иши хусусияти ва ишни бажариш шартлари муддатли характерга эга бўлиши мумкин эмас, шунинг учун ҳам ҳамма билан муддатли шартнома тузиб бўлмайди.
Шу сабабли ташкилотда барча ходимлар билан муддатли шартнома тузилган бўлса, демак Меҳнат кодексининг 76-моддаси талаблари қўпол равишда бузилган. Бундай ҳолларда муддатли шартномани муддати тугаганлигини важ қилиб, бекор қилиш ҳам ноқонуний бўлади.
Бу масалада жойдаги давлат меҳнат инспекциясига ёки судга мурожаат қилишни маслаҳат бераман, албатта улар ушбу қонунбузарликларни бартараф этиш чорасини кўрадилар.
Умуман, меҳнат ҳуқуқи энг муҳим ҳуқуқий соҳалардан бири ҳисобланади. Зотан, бежизга Сенатнинг 17 март куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Меҳнат кодекси янги таҳрирда маъқулламади.
Ўктам Камолов,
ҳуқуқшунос.