Космонавтлар касбини кутилмаган томондан очиб берадиган фактлар

Болалигимизда космонавт бўлишни ва поёни кўринмайдиган фазони ўрганиш учун космосга чиқишни орзу қилардик. Катта бўлиб, ҳаёт режаларимиз ўзгарди, лекин ҳали ҳам вазнсизлик ҳолатидаги ҳаёт тўғрисида кам нарсаларни биламиз.
Эртага, 12 апрель – Космонавтлар куни. Сана баҳонасида бугунги мақолада космонавт бўлиш қизиқарли бўлиши билан бирга машаққатли эканлиги ҳақида сўз юритамиз.
Очиқ космосга чиқиш скафандрининг вазни 140 килограммдан ошади
Скафандрлар оғир шароитларда космонавтлар ҳаётини қўллаб-қувватлаш тизимини ўз ичига олади, шу билан бирга у имкон қадар қулай бўлиши керак. Скафандр одамни нафақат ҳар хил турдаги космик нурланишлардан, балки тахминан соатига 27 минг километр тезликда ҳаракатланадиган микрометеоритлардан ҳам ҳимоя қилиши керак. Компонентларининг барчаси туфайли баъзи моделлар 140 килограммдан ортиқ вазнга эга.
Космосда вақт секинлашади
Бунга ишониш қийин, лекин Ерга қайтган космонавтлар бошқа одамларга қараганда бир оз ёшроқ кўринади. Гап шундаки, улар космосда жуда катта тезликда ҳаракат қилишади, шунинг учун улар “босиб ўтган” вақт сайёрадагига қараганда бир оз фарқ қилади. Лекин космик саёҳатни қаришга қарши ажойиб восита деб ўйлаш нотўғри, масалан 6 ойлик парвоз давомида космонавтлар атиги 0,005 сонияга ёшарган бўлади.
Космонавтлар қуёш чиқиши ва ботишини кунига 16 марта кўради
Конец формы
Ер орбитасидаги Халқаро космик станция (ХКС) бортидаги космонавтлар ҳар куни кеча ва кундузнинг 16 мартагача алмашинишини кузатишади. Бунинг сабаби шундаки, станция Ер атрофида соатига 28 минг километрдан ортиқ тезликда айланиб, тўлиқ айланишни тахминан 90 дақиқада амалга оширади. Биз ўрганиб қолган кунлар билан солиштирганда, бу тафовут яққол кўзга ташланади.
Кун вақтларининг бундай тез алмашиниши космонавтлар биологик соати ишини сезиларли даражада бузади. Кундан тунга тез ўзгариш таъсирини камайтириш учун ХКСдаги астронавтлар қатъий кундалик режимга риоя қилишади. Ёритиш тизими космонавтларнинг ўз вақтида ухлаб қолишлари ва нормал уйғонишларига қараб дастурлаштирилади.
ХКСдаги сув қайта-қайта ишланади
ХКСда сувнинг ҳар бир томчиси олтинга тенг, шунинг учун у қайта ишланади. Ҳа, ҳа, ҳатто тер шаклида ва нафас олиш пайтида ҳосил бўлган сув қайта ишлатилади. Ҳатто ҳожатхона чиқиндиларидаги сув ҳам тозаланади, фильтрланади ва сув таъминотига қайтарилади.
Амалдаги қайта ишлаш тизими деярли мукаммал тоза сув олиш имконини беради. Аслида, станция ерда ҳар бир ресурс ишлатиладиган ва тежаладиган ёпиқ тизим, чунки Ердан космосга сув етказиб бериш жуда қимматга тушади. Айтганча, бу ХКСда душ бўлмаслигининг сабабларидан бири - космонавтлар ўзларини фақат нам салфеткалар билан ювишади.
Космонавтларнинг ҳаёти биз болаликда тасаввур қилганимиздек оддий эмас экан. Чунки орбитадаги одамлар коинотнинг оғир шароитларига дош беришга мажбур. Бироқ, бизнинг бошимизга кино ижодкорларининг енгил қўли туфайли кўплаб бошқа афсоналар ўрнашиб қолган.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.