Кучланиш паст, узилишлар бор, тармоқлар эски... шу мазмундаги бир қатор мурожаатларга “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ мутасаддилари жавоб йўллади

Хабарингиз бор, ўтган ҳафта каналимизда “Самарқанд электр тармоқлари корхонаси” АЖ мутасаддилари билан тўғридан-тўғри овозли мулоқот ўтказилган эди.

Онлайн трансляция мобайнида обуначиларимиз турли муаммо ва саволлар юзасидан мутасаддилар билан боғланди. Аммо эфир давомида бир қатор иштирокчиларнинг саволларига вақт етмагани боис мутасаддилар саволларни ёзиб олган ва ўрганиб чиқиб жавоб беришни маълум қилган эди.  “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан ўқувчиларимизнинг бир қатор саволларига жавоб юборилди.

  1. Иштихон ва Ургут туманлари, Каттақўрғон тумани “Ойжон” маҳалла фуқаролар йиғини, Каттақўрғон шаҳар Усмон Носир маҳалласида, Нуробод тумани Тим қишлоғида ҳамда Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролардан кейинги кунларда электр таъминотида кузатилаётган узилиш юзасидан мурожаат келиб тушди.

Жавоб: Республикамизга кириб келган совуқ ҳаво оқими, айни пайтда кўплаб ҳудудларда ҳароратнинг кескин тушиб кетиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ҳам сезиларли даражада ортган. Ана шундай вазиятда магистраль газ қувурлари ва тармоқларида табиий газ босимининг кескин пасайиши кузатилиб, электр энергияси ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станцияларига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бориши натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам мос равишда тушиб кетишига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ва электр энергия ишлаб чиқариш объектлари, юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида йирик авариялар вужудга келишини олдини олиш мақсадида республикамизнинг турли ҳудудларида электр таъминотида чекловлар киритилмоқда.

  1. Тойлоқ тумани, Ясситепа маҳалласидан электр токи кучланиши пастлиги борасида қилинган мурожаат.

Жавоб: Келгуси йилларда мазкур маҳалладаги мавжуд трансформатор пунктига қўшимча янги яна бир трансформатор ўрнатилишини маълум қиламиз.

  1. Мулоқот давомида Дилбар Шарифовна аккаунти эгаси томонидан Самарқанд шаҳридаги 73-ДМТТдаги электр узатиш тармоғидаги симларда қисқа туташувни зудлик билан бартараф этиб бериш борасида йўллаган мурожаат эди.

Жавоб: Мазкур мурожаатга асосан, ўша вақтнинг ўзида Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонасининг аварияга қарши махсус бригадаси юборилиши таъминланиб, дарҳол носозлик бартараф этилди.

  1. Иштихон тумани “Бешбола” МФЙ Оқтош қишлоғидан фуқаро Бердиёр Синдоров трансформатор ҳамда симёғочларни алмаштириш борасидаги мурожаат қилган эди.

Жавоб: Мазкур маҳаллада жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида электр узатиш тармоғини янгилаш ишлари олиб борилди. Айнан мурожаатчи айтиб ўтган манзилда ҳам босқичма-босқич электр таъминотини яхшилаш ишлари амалга оширилади.

  1. Ургут тумани Почвон маҳалласида 2021 йилда янги ТП ўрнатилган, аммо бугунги кунга қадар тармоқ тортилмай келинмоқда. Бир йилдан буён ТП “ўзича” ишлаб ётибди. Қачон тармоқ тортилади?

Жавоб: Ҳозирги кунда мазкур трансформатор пунктига истеъмолчиларни улаш учун СИП кабеллари келтирилган. Йил якунига қадар тўлиқ якунланади. 

  1. Самарқанд тумани, Навбоғ маҳалласидан Акбар Назаровнинг 2615-трансформатор пунктида кучланиш юқорилиги (260-270 вольт) юзасидан қилинган мурожаат юзасидан.

Жавоб: Ҳозирги кунда трансформатор пункти таъмирлаш цехига олиб борилиб, лабаротория кўригидан ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

  1. Пайариқ тумани “Илғор” маҳалласи Чангаракчи қишлоғидаги темир-бетон столбалар бўйича дастур тўлиқ бажарилмаган.

Жавоб: Ҳозирги кунда тугалланмаган обеъктларни тўлиқ якунлаш ишлари олиб борилмоқда.

  1. Пайариқ тумани “Оқтош” МФЙ Авлиёқули қишлоғидан Сардор Неъматов ҳудуддаги тармоқларни янгилаш юзасидан мурожаат қилган. Фуқаро билан телефон орқали боғландик.

Мазкур маҳаллада жорий йил якунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги ПҚ-408-сонли Самарқанд вилоятида 2022-2023 йилларда маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 2022 йилда амалга ошириладиган объектларнинг манзилли рўйхатига асосан электр тармоқларини яхшилаш ишлари олиб борилиши белгиланган.