Кутубхонага таклифнома

Адашибман, кутубхонага таклифнома экан. Унда шундай сўзлар бор эди:

“Азиз китобсеварлар!

Китоб ҳар қандай билимнинг жони ва юраги, ҳар қандай фаннинг ибтидосидир. Китоблар ақл фарзандларидир. Китобсиз уй – жонсиз танадай гап.

Вилоят ахборот-ресурс марказининг китоб фонди 171 минг 283 нусхани, шундан электрон китоблар 20 минг 266 тани ташкил этади.

Ҳурматли китобсевар, билимга чанқоқ дўстлар!

Сизни вилоят ахборот-кутубхона марказида кутиб қоламиз!”

Шунингдек, таклифномада марказнинг иш вақти, манзили, телефон рақамлари ёзилган экан.

– Бу ҳам ўқувчи ёшлар ва ота-оналарнинг китобга меҳрини ошириш, китобхонликни тарғиб этишнинг бир воситаси, – деб изоҳ берди вилоят ахборот-ресурс маркази раҳбари Ю.Муҳаммадиев мазкур ҳолатдан ҳайрон бўлганимизни кўриб. – Ҳар биримиз байрам ва тантаналар, турли тадбирларга таклифнома оламиз. Лекин кутубхонага таклиф этилган нома камдан-кам учрайди. Шу сабабли бугунги тадбир чоғида ўқувчиларга ва бошқа иштирокчиларга мана шундай таклифнома тарқатишга аҳд қилдик. Кутганимиздек, бу кўпчиликка бошқача таъсир қилди. Айниқса, ўқувчиларда ахборот-ресурс марказимизга қизиқиш ошганини кўрдик.

Вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот бошқармаси, Пушкин номли ахборот-кутубхона маркази, халқ таълими бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги!” шиори остидаги “Болалар китоби” фестивали ва китоблар кўргазмасида мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар, самарқандлик ёзувчи ва шоирлар қатнашди.

Тадбирда вилоят ахборот-кутубхона маркази ва вилоят ахборот-ресурс марказидаги болалар адабиёти намуналари кўргазмаси намойиш этилди. Янги нашр этилган китоблар тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, ўқувчилар ўртасида “Мен ўқиган энг яхши китоб”, “Энг яхши асар қаҳрамони”, “Фаол китобхон” каби мавзуларда иншолар танлови, савол-жавоблар, мушоиралар уюштирилиб, фаол ўқувчилар рағбатлантирилди.  Ёш китобхонлар билан таниқли шоир ва ёзувчилар, ижодкорларнинг учрашуви ҳам таассуротларга бой бўлди.

Фестивалда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.

Ғ.ҲАСАНОВ.