Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳалладан гапирамиз: Адаш кўчаларда адашганлар бор

Ҳудудларда сектор ҳамда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишларни уйма-уй юрган ҳолда ўрганиш Жамоатчилик назорат гуруҳи айни кунларда Самарқанд шаҳрининг темирйўл ҳудудида...

«Матонат» МФЙ даги бир хонадонга кирдик.

- Уйингизнинг рақамини айтсангиз...

- Азимбеков кўчаси 20-уй.

- Ие, рўпарадаги тор кўчада ҳам шундай уй борку. Бу қанақаси бўлди?

- Бизда бунақаси кўп, - кулди уй эгаси. - Азимбеков кўчасидаги уйлар бетартиб рақамланган. Чалкашлик кўп. Битта рақам билан бир нечта уй. Хат-у ҳужжатларда адашишлар тез-тез учраб туради(!).

Ушбу муаммо ҳақида «Матонат» маҳалласи раиси Шавкат ака Маматқулов шундай деди:

- Хонадонлар рақамланган вақтда ҳеч ким назорат қилмаган. Оқибатда шу ҳолга келган.  Бу биринчи муаммо. Иккинчиси, Самарқандда яна битта Азимбеков кўчаси бор. Ўша кўчадаги хонадонлар ҳақидаги сўровнома, хатлар ёки бошқа бирор мурожаатномалар деймизми, бизга келиб қолади. Балки у кўчада ҳам шундан ҳоллар юз бераётгандир...

Ҳақиқатдан ҳам шаҳримизда Азимбеков номидаги кўча иккита экан. Бири «Матонат» маҳалласида бўлса, иккинчиси «Саид», «Бек» ҳамда «Меҳриобод» МФЙ ҳудудида.

Ўхшашлиги: бир инсон шарафига қўйилган. Иккиси ҳам битта шаҳарда.

Фарқлари: "Матонат" маҳалласидаги хонадонлар рақами бетартиб ҳамда, айтишларича, бу кўча Азимбеков, иккинчиси Раҳим Азимбеков...

Айни мавзу бўйича ечим топилмас экан, бу адаш кўчаларда "адашишлар" бўлаверади. Оқибати эса маълум. Расмий ҳужжатлардаги англашилмовчиликлар юз бериши, чақирув қоғозларининг ўз вақтида эгасига етиб бормаслиги ва ҳакозолар. Бундан кейинги оқибатларга тўхталмадик. Сабаби, муаммо ечими топади деган умидимиз бор.

  Аслиддин Мустафоев.