Мактаб битирувчиларида ОТМга ҳужжат топшириши учун паспорт бўлиши керак

Жорий йилда олий таълим муассасаларига ҳужжатларни қабул қилиш онлайн шаклда Давлат тест маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Ушбу онлайн қабул тизими абитуриентларнинг фуқаролик паспортидаги жисмоний шахсларнинг идентификация рақами (ПиНФЛ) билан боғланади. Шу боис олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда 16 ёшга тўлган битирувчилар паспорт олишлари муҳим ҳисобланади.

Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Юртимизда карантин чекловлари жорий этилгани сабабли паспорт ёшига (16 ёш) етган 41 000 дан ортиқ битирувчилар фуқаролик паспортини ўз вақтида олиш имкониятига эга бўлмаган.

"Азиз битирувчи ёшлар, ҳурматли ота-оналар олий таълим муассасаларида ҳужжатларни қабул қилишда 16 ёшга тўлган битирувчиларнинг паспорт олиши зарур эканлигини инобатга олиб, бу масалада ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаларига мурожаат этишларингиз сўралади", дейилади хабарда.