Мактаб учун жиҳозларни қачон, қандай олиш керак?
Янги ўқув йили бошланяпти. Бу пайтда ҳар қандай мактаб директори ёки давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари ўзи бошқараётган таълим даргоҳининг моддий-техник базаси мустаҳкам бўлишини хоҳлайди. Яъни, қайсидир синфга парта ёки доска, қайсидир фан кабинетига ўқув қуроллари, спортзалга копток ёки волейбол сеткаси дейсизми, қўйингки, ўқувчи ва тарбияланувчилар учун зарур жиҳозлар керак.
Бу инвентарлар, табиийки, бюджет маблағларидан харид қилинади. Бюджет пулларини бу жиҳозлар хариди учун йўналтиришнинг эса ўз қоида, тартиб ва муддатлари бор. Таҳририятимизга айнан шу масалада кўпроқ мурожаат бўляпти.
Вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармаси ижтимоий соҳа иқтисодиёти ва муассасаларни молиявий таъминлаш бўлими мутахассиси Бобур Мирзаев ана шу тартиблар ҳақида гапирди.
- Бу саволларга Бюджет кодексининг 85-89-моддаларида аниқ жавоб бор, - дейди Б.Мирзаев. - Яъни, 85-моддага кўра, аввало, маблағ олувчи, масалан, вилоят ёки шаҳар ҳокимлиги иқтисодиёт ва молия вазирлигига бюджет сўрови жўнатиши лозим. Шу билан бир вақтда улар тегишли бюджетлар ва давлат мақсадли жамғармалари даромадларининг келгуси давр учун прогнозларини тақдим этади. Бюджет сўрови - бюджет ташкилотининг, маблағ олувчининг ва уни тақсимловчининг бюджетлари маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятининг миқдор ва сифат кўрсаткичларини, шунингдек, ўтган йилда эришилган ва жорий йилда кутилаётган натижалар тўғрисидаги таҳлилий ҳисобот ҳамда келгуси давр учун бюджет буюртмасини ўз ичига олган ҳужжат ҳисобланади.
Кейинги жараён эса қуйидагича шаклланади: Бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан ўтган йилда эришилган ва жорий йилда кутилаётган натижалар тўғрисидаги таҳлилий ҳисобот тузилади. Бу бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчининг фаолиятини баҳолаш, бундан буён уни бюджет тизими маблағлари ҳисобидан молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида таклифлар тайёрлаш учун фойдаланилади.
Шундан сўнг бюджет ташкилоти, бу маблағни олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан бюджет буюртмаси тузилади. Бюджет буюртмаси бюджет маблағларини тақсимловчига белгиланган муддатда тақдим этади. Буюртмада ўтган йил, жорий ҳамда келгуси уч йил учун бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар бюджет таснифига мувофиқ акс эттирилади.
Ундан кейин тақсимловчи ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджет буюртмалари асосида жамланма бюджет буюртмасини тузади. Бюджет буюртмасида харажатлар ҳажмларини ўтган йилларга нисбатан кўпайтиришга фақат асословчи қонун ҳужжати бўлган тақдирда ва мазкур кўпайтириш бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастурида назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.
Бундан кўринадики, бюджет маблағини олувчи, масалан, мактаб директори ёки боғча мудираси ўз таълим масканига зарур жиҳоз олиш учун камида бир йил олдин вилоят ёки туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия идораларига мурожаат қилиши керак.
- Таъкидлаш лозимки, 2003 йилдаги ана шундай буюртмалар асосида 2024 йилда вилоятда мавжуд 757 та давлат мактабгача таълим ташкилотини сақлаш харажатлари учун 314,1 млрд. сўм маблағ ажратилди, - дейди Бобур Мирзаев. - “Бу маблағлар асосан қайси қайси харажатлар учун йўналтирилган?”, деган савол туғилиши табиий. Булар асосан коммунал тўловлар, таъмирлаш, товар-моддий захиралар, юмшоқ жиҳозлар харид қилиш, озиқ-овқат харажатлари ва асосий воситалар сотиб олиш учун ажратилган.
Шунингдек, вилоятдаги 1261 та умумтаълим мактаби, бошқарма ва туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари, “Баркамол авлод”, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, мактаб-интернат ҳамда бошқа ташкилотларни сақлаш харажатлари учун 2024 йилда 683,2 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Акрам Ҳайдаров.