Мактабда бор газ, нега хонадонларда йўқ...

*Хат таҳрирсиз босилмоқда

Ёшим 70 да. Маҳалламиздаги айрим ҳолатлардан кўнглим ранжиб сизларга мурожаат қиляпман.

2019 йилда қишлоғимиздаги 40 га яқин хонадон рухсатнома олиб, табиий газ тармоғига уланди. Ўша йили газ орқали хонадонларимизни иситдик. 2020 йилнинг бошидан газ босими камайди, ноябрь ойининг охирида умуман келмай қўйди. Туман газ идорасининг ходимлари ноябрь ойининг бошида 1000 метр/куб газ учун 380 минг сўмдан йиғиб кетишганди. Бу ҳолат аҳоли орасида Мажбурий ижро бюроси газни назорат қилмас экан, деган тушунча пайдо бўлишига ҳамда хонадонларда газ сўрғичлар қўйилишига сабаб бўлди. Буни электр энергияси узилса газ босими кўтарилишидан ҳам билиш мумкин. Кейинроқ электр энергияси узилса ҳам газ келмай қўйди. Айрим хонадонлар автомобиль аккумляторини ишлатиб газ тортаётган экан.

Аммо 26 декабрь куни кутилмаганда газ келиб қолди. Бир кундан кейин яна йўқолди. Сабабини кейинроқ билдик: қишлоғимиздаги 25-умумий ўрта таълим мактабида транформаторда узилиш бўлган, эрталаб электриклар тузатишгандан кейин яна газ сўрғич ишлаган.

“Зарафшон” газетасининг 2020 йил 19 лекабрь 147-сонидаги “Мажбурий ижро бюроси нима ўзгарди, қандай янгиликлар бор” ҳамда 25 декабрь 150-151-сонларидаги “Газ босими 30 фоизгача оширилди, бироқ...” мақолаларини ўқиб, сизларга ёзишга мажбур бўлдим. Мақолада айтилишича, вилоят бўйича 114 та газсўрғич ечиб олинган, аммо бу денгиздан томчи, холос. Маҳалламиздаги 40 дан зиёд хонадондаги газсўрғичларни ким аниқлаб, тартибга солади?..

Раҳматулла Қоржовов,

Пайариқ тумани Хоса қишлоғи.