“Мактабда иситиш қозонлари яхши ишламаганлиги учун ўтин қўшиб ёқамиз”
Шу йил 20 январь куни zarnews.uz сайтида Пахтачи тумани Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи Саксон Сувонов томонидан ҳудуддаги 5-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар совуқ хоналарда таълим олаётгани ҳақида “Невараларимиз қачон иссиқ хоналарда таълим олади?” сарлавҳали мурожаат эълон қилинган эди.
Ушбу мурожаатга 21 январда Пахтачи туман халқ таълими бўлимининг жавоби эълон қилинди. Аммо мурожаатчи ушбу жавобдан қониқмаганлигини, аслида вазият туман халқ таълими бўлими бошлиғи ўринбосари А.Носиров айтганидек эмаслигини билдириб, қайта шикоят қилди. Мухбиримиз вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу мактабда бўлди.
Бугунги кунда тумандаги 5-умумий ўрта таълим мактабида 627 нафар ўқувчи икки навбатда таҳсил олади. Бино 2015 йилда қайта қурилган бўлиб, 7 та “Кок-30” иситиш қозони ўрнатилган.
Куз-қиш мавсумида таълим муассасаси синфхоналарини иситиш мақсадида мактабга 25 тонна кўмир ажратилган. Аммо унинг 30-35 фоизи қумли аралашма. Кунига 350-400 килограмм кўмир ёқилади.
- Мактабимизда 4 нафар мавсумий ўт ёқувчи ходим ишлайди, - дейди мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Шерзод Йўлдошев. - Кўмирга қўшиб, ўтин ёқамиз. Бўлмаса қозонлар яхши иситмайди. Кўмиримиз 15-20 кунга етади, холос.
Мактабга борганимизда хоналарда 18-19 даража иссиқ ҳароратни кузатдик. Аммо мурожаатчи таъкидлаганидек, қозонлар яхши ўрнатилмагани учун меъёрида иситмайди. Бу ортиқча кўмир сарфига сабаб бўляпти.
Иззатулла Норқувватов.