Мактабларда тўртта фан ўрнига ягона фан жорий қилинади

Мамлакатимиздаги халқ таълими муассасаларида “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда 2020/2021 ўқув йилидан ягона “Тарбия” фани босқичма-босқич жорий қилинади. Бу ҳақда Ёш ҳуқуқшунослар кенгашининг «Yuridik axborot» каналида маълум қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йил 23 августь куни таълим тизимига бағишланган видеоселектор йиғилиши баёнида айтилишича, Республика Маънавият ва маърифат маркази Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда бу бўйича амалий чоралар кўради.

Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда мактабда тарбиявий ишларни ташкил этадиган янги профессионал педагоглар авлодини тайёрлаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.